Бу муаммони вақтида ва самарали ҳал этиш учун 9445 та маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими ташкил этилди. Уларга ўғил-қизлар билан ишлаш тажрибасига эга, фидойи ва ватанпарвар ёшлар очиқ танлов асосида саралаб олинди. Хўш, шундан сўнг ёшларимиз ҳаётида қандай ўзгаришлар содир бўлди? Етакчилар маҳалладаги тенгқурларининг ҳақиқий кўмакчисига айлана олдими?
Пойтахтимизда таҳсил олаётган талабаларнинг аксарияти Олмазор туманида истиқомат қилади. Ҳудудда талабалар учун 34 та турар жой биноси ва 4 та давлат олий таълим муассасаси жойлашган. Ўқув йили аввалида талабаларни турар жой билан таъминлашда қатор муаммолар юзага келди. Бу жараёнда туманимиздаги маҳаллалар ёшлари етакчилари 500 нафардан ортиқ талабага ижара хонадон топишда ёрдам берди. “Ёшлар дафтари” жамғармаси томонидан ўтган йил давомида тумандаги 1 минг 191 ёшга кўмак кўрсатилди.
Жумладан, Олмазор туманидаги Чилтўғон маҳалласида ўттизга яқин йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. Ўндан зиёдига уч ойлик ўқув курсларида ўқиши учун бепул йўлланма берилди. Ёш оилаларнинг 60 нафар фарзандига ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Кам таъминланган 20 та оилага моддий кўмак берилди.
Мактабни тамомлаганига икки йил бўлганига қарамай, ишсиз юрган Мурод Болтаев билан суҳбатлашиб, қизиқишлари ўрганилди. Шундан сўнг илтимосига кўра электриклик касбини эгаллаши учун уч ойлик ўқув курсига юборилди. Ўқув курсини тамомлаб, сертификат олганидан сўнг электриклик билан шуғулланиши учун “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан унга субсидия асосида зарур ускуналар олиб берилди. Ҳозир Мурод Болтаев танлаган касби ортидан рўзғор тебратяпти.
2019 йилда “Беш ташаббус олимпиадаси” ғоясининг ҳаётга татбиқ этилиши барча йигит-қизларнинг диққатини тортди. Жумладан, “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг 2022 йили бўлиб ўтган иккинчи мавсумида Тошкент шаҳридаги 584 та маҳалладан 271 мингдан ортиқ ўғил-қиз спорт, мусиқа, рақс ва китобхонлик мусобақаларида иштирок этиш истагини билдирди. Маҳалла, сектор, туман, шаҳар босқичларида ўтказилган беллашувларда биринчи ўринни эгаллаганлар республика босқичига йўлланма олди. Умумжамоа ҳисобида 35 медаль билан Тошкент шаҳри олимпиадада пешқадамликни сақлаб қолди. Хусусан, маҳалламизда ўтказилган мусобақаларда ҳам юзлаб янги истеъдодлар кашф этилди. Ҳар бир кўчада футбол, волейбол жамоалари ташкил этилди. Таниқли ижодкорлар, санъаткорлар билан ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди.
Жорий йилнинг апрелида старт олган “Беш ташаббус олимпиадаси”га янги йўналишлар киритилди. Жумладан, тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик, қандолатчилик, ҳунармандлик бўйича танловлар қўшилди. Бу ёшларнинг касбҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиб, ҳам руҳан, ҳам жисман баркамол бўлишига қаратилаётган эътиборнинг мантиқий давомидир.
Ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари юзасидан шу йилнинг 11 апрель куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш, сифатли таълим билан қамраб олиш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда соғлом фикрлашига замин яратиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
2021 йилда 25 ёшгача бўлган ёшларни ишга қабул қилган корхоналарга ижтимоий солиқни қайтариб бериш амалиёти жорий қилинган эди. Бу имтиёздан ўтган даврда 9 мингдан зиёд корхона фойдаланди ҳамда ишсиз 100 минг ёшнинг бандлиги таъминланди. Давлатимиз раҳбари бу ижобий тажриба муддатини яна икки йилга узайтириш бўйича кўрсатма берди. Шунингдек, “Янги Ўзбекистон ёшлари ташаббуслари” жамғармаси ва электрон платформасини ташкил қилиш белгиланди. Жамғармага 100 миллион доллар йўналтирилиб, бу маблағ иқтидорли йигит-қизларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларини рўёбга чиқариши учун қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса, фоизсиз ажратилади.
Жамиятимиздаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқиши ўрганилиб, уч тоифага ажратилади. Бунда яхши ўқиётган, тадбиркорлигини йўлга қўйган, расмий секторда ишлайдиган, қобилияти бор, ижтимоий фаол бўлган 4,4 миллион йигит-қиз “яхши”, турмуш тақозоси билан расмий сектордан иш топа олмаган, лекин иқтисодий фаол 4,6 миллион ёш “ўрта”, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож 396 минг ёш “аҳволи оғир” тоифага киритиладиган бўлди.
Ҳар бир вазир, вазир ўринбосари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, олийгоҳлар ректорлари, Миллий гвардия ва ҳарбий қисм командирларига учинчи тоифадаги 50 нафардан йигит-қиз бириктирилиб, улар билан манзилли, аниқ мезонлар асосида иш ташкил этиш ишлари бошлаб юборилди.
Йиғилиш Ўзбекистоннинг навқирон фарзандлари, жумладан, ёшларнинг нофаол қатламини жамиятга қайтариш бўйича катта қадам бўлди. Унда қўйилган вазифалар ёшларнинг маҳалладаги вакили сифатида менинг ҳам зиммамга алоҳида масъулият юклади. Жумладан, ёшлар билан индивидуал ишлаш жараёнини жадаллаштириш, жамиятдан узилиб қолган, ҳаётда ўрнини тополмаётган, ёт ғоялар таъсиридаги йигитқизларни фаол турмуш тарзига қайтариш олдимиздаги энг муҳим вазифа бўлиб турибди.
Белгиланган йўналишлардан келиб чиқиб, ўзим фаолият юритаётган маҳалла ҳудудидаги бандлиги таъминланмаган, давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож тенгқурларим, ука-сингилларим билан алоҳида иш ташкил этиб, уларни касбҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашни режа қилиб олдим. Шунингдек, маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳидаги тадбирлар, ёшлар сайилларини ташкил этиш бўйича янги дастур ишлаб чиқдим.
Олдимизга қўйилган вазифаларни вақтида, сифатли бажариш орқали ислоҳотлар самарадорлиги натижасини ҳар бир йигит-қизнинг ҳаётида кўрсатишимиз мумкин. Бу билан ёшларнинг кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликни ҳис этишига ва фаол ҳаётга кириб боришига эришамиз. Зеро, юртимиздаги барча ишлар, энг аввало, инсон қадри, халқ фаровонлиги учун қилинмоқда. Шундай экан, бу эътиборга ўқиш ва меҳнатдаги ютуқларимиз билан жавоб беришимиз даркор.