9 май нафақат Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлганларни ёдга олиш, балки жанггоҳлардан омон қайтган, фронт ортида юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилган фахрийларимизга чексиз ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш ва қадрлаш куни сифатида ҳам аҳамиятлидир.

Олот тумани “Ёш ботир” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳожимурот ота Бектошев бу йил 95 баҳорни қарши олди.

1926 йили Бухоро вилояти Олот туманида туғилган отахон урушда ўқчи полкда хизмат қилган. Польша ва Латвияни озод этишда қатнашган. Ҳарбий хизматдан сўнг Олот туманидаги 1-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади. 7 нафар фарзанднинг отаси, 40 невара, 30 чеваранинг севимли бобоси бугунги кунда яқинларининг ардоғида, ҳар бир ўтган кунига шукроналар келтириб, фаровон яшаяпти.

Байрам арафасида отахоннинг қалби чексиз қувончга тўлди. Шинамгина ҳовлиси маҳалладошлари, фарзандлари ва неваралари билан гавжум бўлиб кетди.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари Ҳожимурот отанинг файзли хонадонига ташриф буюриб, Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. 12 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти ва қимматбаҳо совғаларни топширди.

— Аллоҳга беҳисоб шукр. Пешонамизда мана шундай ёруғ кунларни кўриш ҳам ёзилган экан, — дейди Ҳожимурот ота кўзидаги қувонч ёшларини яширмай. — Бугун бениҳоя бахтлиман. Доимо юртимизнинг тинчлигини ўйлаётган, фарзандларимизнинг бахтли, саодатли ҳаёт кечириши йўлида фидойилик кўрсатаётган Президентимизга минг раҳмат. Уруш қатнашчиларига берилаётган бундай эътибор ва эҳтиромдан бошим кўкка етди. Юртимиз тинч, фаровон бўлсин.

Давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Бухоро вилоятида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши фронтларида Бухоро вилоятидан кетган 73 минг 688 нафар киши қўлига қурол олиб, фашизмга қарши курашда қатнашган. Уларнинг 30 минг нафари жанг майдонларида қолиб кетган. Бу қадимий юрт фарзандларидан 13 нафари қаҳрамон, бир нафари эса учала даражали “Шуҳрат” орденига сазовор бўлган.

Фашизмга қарши кечган беаёв жангларда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатиб, шу кунларга етиб келиш насиб этган бухоролик юртдошларимизнинг 19 нафари бугун эъзозу ардоқда ҳаёт кечирмоқда.

Жойларда ўтказилаётган тадбирларда уруш қатнашчиларининг босиб ўтган йўли, ҳаётий бой тажрибаси ёшларга ибрат эканлиги, халқимиз ҳеч бир ишни кексалар дуоларисиз бошламаслиги ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилмоқда.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири