Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон банк тизимини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиб, тижорат банкларини, хусусан, «Асака» банк ва «Алоқабанк»ни трансформациялаш жараёнига алоҳида эътибор қаратдилар.

Ҳозирда мазкур банкларда ўтказилган таҳлиллар натижаларига асосланиб, ЕТТБ банкларни трансформациялаш бўйича сценарийлар ишлаб чиқиши қайд этилди.

Учрашувда ЕТТБ Марказий банкнинг тижорат банклари капиталлашувини ошириш, янада ишончли ўсишига эришиш ва иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш сифатини яхшилаш, шу жумладан, банклар капитали таркибига хорижий янги инвесторларни жалб этишга қаратилган стратегиясини қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Мазкур жараённинг муваффақияти ЕТТБга Ўзбекистон банк тизимида ҳар томонлама кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш учун имконият яратади, деб хабар беради марказий банк матбуот хизмати.

Учрашув якунида томонлар давлат улуши мавжуд банкларни хусусийлаштиришга тайёрлаш ва трансформациялаш йўналишида самарали ҳамкорлик қилишга ишонч билдирдилар.