Президентимизнинг “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқда озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда паррандачилик йўналишида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур ҳужжат билан паррандачилик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, соҳани ривожлантириш мақсадида бир қатор имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, 2021 йил 1 июндан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм, парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратиш белгиланмоқда.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан 2025 йил 1 январга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳамда омухта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тўлдириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 миллиард сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.

Берилаётган имкониятлар паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқда озуқа базасини мустаҳкамлашга, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларнинг сафи кенгайишида муҳим омил бўлади.

Шунингдек, қарор билан ҳудудларда ташкил этиладиган, санитария ва экология талабларига, шу жумладан халқаро стандартларга жавоб берадиган дастлабки 14 та замонавий кушхона ва музлатгичларни ўз ичига олган паррандаларни сўйишга мўлжалланган комплексни ишга туширган тадбиркорлик субъектига лойиҳа қиймати 40 миллиард сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизи миқдорида Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан субсидия берилади.

Бугунги кунда паррандачилик тармоғининг асосий муаммоси бу озуқа-ем базасининг етарли эмаслиги ва аксарият озуқаларнинг импорт ҳисобига олиб келиниши билан изоҳланади.

Қарор билан озуқа-ем муаммоларини ҳам ҳал этишда давлатнинг кўмаги аниқ белгилаб берилмоқда. Паррандачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун 85 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ “Микрокредитбанк” АТБга Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилмоқда. Ушбу мақсадли маблағлар буғдой, маккажўхори, соя дони ва шроти, кунгабоқар шроти каби озуқа-ем маҳсулотларини энг арзон бўлган йиғим-терим даврларида захира қилиш ҳамда паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-ем маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда мавжуд қувватларни тўлиқ ишга тушириш учун 24 ойгача бўлган муддатга айланма маблағ ажратиш ва модернизация қилиш учун берилади.

Бундан ташқари қарорда 2021 йил 1 июлдан бошлаб 2024 йил 1 июлга қадар асосий фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилади ҳамда 2021 йил 1 июлга қадар тухум, парранда гўшти ва маҳсулотларини экспорт қилувчи ҳамда соя донини импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизигача миқдорда компенсация қилишга субсидиялар тақдим этилиши белгилаб берилди.

Тармоқдаги яна бир оғриқли нуқта бу паррандаларнинг касалликларга чидамли зот ва турларини шакллантирмасдан туриб, паррандачиликни ривожлантириш мумкин эмаслиги кундек равшан. Шу маънода қарорда чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти томонидан юқори маҳсулдор хонаки паррандаларнинг репродуктив подаларини шакллантириш, наслли тухум инкубациясини йўлга қўйиш ҳамда парранда зотларини синовдан ўтказиш ва такомиллаштириш, шахсий томорқа хўжаликларига мос, ихчам парваришлаш технологиялари ва органик озуқалар турларини яратиш, аҳолида парранда боқиш ва органик маҳсулот етиштириш кўникмаларини шакллантириш вазифалари юклатилди.

Аҳолининг гўшт маҳсулотларига бўлган талаби, гўшт маҳсулотларининг арзон ва ҳамёнбоп парранда маҳсулотлари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш орқали, маҳаллий ҳокимиятларга қарор билан 2021 йил якунига қадар парранда маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз кўрсаткичлари ва уни бажариш чораларини кўриш вазифаси белгилаб берилди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг ижроси мамлакатимизда паррандачиликнинг ривожланишига, паррандачилик хўжаликларини иқтисодий қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Мухторжон ҲОЖИМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати