Академиямизда ҳам янги ўқув йилининг илк сабоқлари «Мустақиллик соатлари»дан бошланди.
Ватан мустақиллиги, юрт озодлиги борасидаги тарихий ҳақиқатлар, мамлакатимиз тинчлиги учун жонини фидо қилган юртдошларимизнинг метин иродаси ҳақида сўз борар экан, миллат шаънини кўксингда кўтариб юрмоқ ва ишончли қўлларга топширмоқнинг шарафли масъулияти ҳақида ўйладим.
Республикамизнинг турли вилоятларидан ўқишга ҳужжат топшириб, бугун талабалик мақомига эришган бўлажак шифокорларни ҳар томонлама етук кадрлар этиб тайёрлашимиз кераклигини яна бир бор ҳис қилдим. Зеро, улар ўзларининг илмий салоҳияти, орттирган тажрибаси билан бемор умрини узайтиришга, саломатлигини тиклашга ҳисса қўшиши лозим.
Шуни тан олишимиз керакки, юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртларининг моддий-техник базаси халқаро стандартларга мос келмайди. Ўқув биноларимиз, ўқув хоналаримиз ва лабораторияларимиз замон талаблари даражасида эмас. Исталган натижага эришишимиз учун ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаларидан энг муносибларини тиббий таълим тизимига киритишимиз керак.
Шунингдек, бугунги кунда тиббиёт соҳасида юқори малакали мутахассислар етишмаяпти. Шу сабабли олий тиббий таълим соҳасидаги асосий йўналишлардан бири назарий билимларнинг тегишли даражасини сақлаб қолган ҳолда, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашнинг амалий йўналишини сезиларли даражада кучайтиришдир.
Зеро, инновацион таълим технологияларининг ўқув жараёнига жорий этилиши Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашнинг рақобатбардошлигини оширишга қодир юқори малакали мутахассисларга бўлган талабни белгилайди.
Тиббиёт олийгоҳлари битирувчиларига интегрирлашган назарий ва клиник билимлар, кўникмаларни сингдириш, юқори тиббий технологияларни ўзлаштиришда ёрдам бериш ва бўлажак шифокорда ижтимоий мослашув қобилиятини шакллантириш орқали талабаларда кучли мотивацион муносабатлар, чуқур ихтисослашув, интеллектуал ва шахсий имкониятларни рўёбга чиқариш ва етук тиббиёт ходимини тайёрлаш мумкин бўлади.
Афсуски, бугун тиббиёт олий ўқув юртлари битирувчилари юқори технологияли, инновацион ускуналарда ишлаш учун амалий кўникмаларга эга эмаслар. Кўпинча улар назария билангина чекланади. Фақат бир қатор ёш шифокорлар чет эл клиникаларида ёки таълим муассасаларида ўз малакаларини ошириши мумкин, чунки уларнинг нархи анча юқори. Шифокорлар олинган кўникмаларини доимий равишда амалда қўллаши лозим.
Амалий дарсларда талаба ёдланган матнни шунчаки қайта айтиб бермаслиги, балки амалий муаммоларни ҳал қилишни ўрганиши керак. Талабаларнинг вазифаси ўқитувчи-мураббий ва маслаҳатчи ёрдамида мустақил равишда ўқишдир. Тиббиёт олийгоҳи ўқитувчисининг вазифаси эса талабаларнинг мустақил фаолиятини аниқ ташкил этиш ва унумли бошқаришдир. Агар талаба мустақил равишда билим олишни ўрганмаса, ундан ўз фаолиятини тўғри таҳлил қила оладиган ва танқидий мушоҳада қилишга қодир шифокор чиқмайди.
Амалиёт ўтайдиган ва шифокорлар малакасини оширадиган дунёдаги кўплаб тиббиёт университетлари ва етакчи клиникаларида симуляцион ускуналар ва техник характеристикалари ҳақиқий беморга максимал равишда яқинлаштирилган робот-пациентлар ўрнатилган. Уларда талабалар билим даражасини баҳолаш ва барча йўналишлардаги шифокорларни аккредитация қилиш тизими жорий қилинган.
Симуляция – бу реал жараённинг бажарилиши ёки тизимнинг маълум вақт давомида ишлашига тақлид қилишдир. Симуляция кўплаб шароитларда, масалан, ишлашни оптималлаштириш технологиясини симуляция қилиш, хавфсизликни лойиҳалаш, синовдан ўтказиш, ўқитиш, таълим ва видео ўйинларда қўлланилади. Тиббий мутахассисларни назарий ва клиник тайёрлаш жараёнида шахслараро мулоқот, клиник фикр юритиш ва режалаштириш каби кўникмалардан ҳам фойдаланилади.
Амалий кўникмаларни ўзлаштириш ва мутахассисларни тайёрлаш сифатини ошириш учун Тошкент тиббиёт академияси қошида замонавий робот симуляторлар билан жиҳозланган симуляцион таълим маркази ташкил этилди. Тошкент тиббиёт академиясида талабалар 1-босқичдан бошлаб симуляцион марказда таълим олишади, у ерда беморларни парвариш қилиш кўникмаларини ўзлаштириш учун алоҳида хоналар мавжуд. Катта курс талабалари ва магистрларга ўқув дастурига мувофиқ тиббий манипуляция, юрак-ўпка реанимацияси асослари, бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, акушерлик кўникмалари, болаларга ёрдам бериш кўникмалари, урология, онкология, оториноларингология, офтальмология, эндохирургия (лапароскопия, гистероскопия) бўйича алоҳида хоналар ташкил этилган.
2020-2021 ўқув йилида Тошкент тиббиёт академиясида биринчи маротаба даволаш ва тиббий педагогика йўналишлари 6-курс талабаларининг якуний давлат имтиҳонлари симуляцион марказда бўлиб ўтди. Битирув имтиҳонларида инсон омилининг ролини пасайтириш битирувчилар ўртасида стресснинг камайишига ва объектив баҳолашга олиб келди.
Республикамиз учун симуляцион ўқитиш янги соҳа эканлигини инобатга олган ҳолда ТТА маъмурияти Россиянинг РОСОМEД компанияси (Россияда тиббиётда симуляцион таълим жамияти) билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди. 2021 йил 28 майдан 5 июнгача ТТАнинг 124 нафар ходими И.М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети фундаментал тиббиёт факультети Клиник моделлаштириш ва мануал кўникмалар кафедраси томонидан ташкил қилинган симуляцион ўқитиш бўйича онлайн курсларда иштирок этди. Тренингни якунлаб, тест синовларидан муваффақиятли ўтган 70 дан ортиқ ўқитувчи халқаро сертификатга эга бўлишди. 2021 йил 11 июнь куни ТТАда халқаро экспертлар иштирокида симуляцион ўқитиш технологиялари бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Тошкент тиббиёт академияси мамлакатимиздаги бошқа тиббиёт олий ўқув юртлари сингари симуляцион таълим бўйича энди биринчи қадамларни қўймоқда. Ушбу тизимни янада такомиллаштиришимиз ва ривожлантиришимиз лозим. Шунингдек, Ўзбекистон тиббиётининг келажаги битирувчиларимизнинг сифатига боғлиқлигини тўла англаган ҳолда барча амалга ошираётган ва режалаштираётган ишларимиз замирида тиббиёт олий таълим даргоҳларида таълим сифатини ошириш мақсади мужассам.
А. ШОДМОНОВ,
Тошкент тиббиёт академияси ректори