Ушбу юқори даражадаги учрашув Европа Иттифоқининг 2019 йилги Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасида яқин йилларда Марказий Осиёда ўтказиладиган бир қатор тадбирларнинг биринчиси бўлиши режалаштирилган. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш стратегиянинг устувор йўналишларидан биридир.
Форум иштирокчиларга барча томонлар манфаати учун барқарор иқтисодий ривожланиш соҳасида Марказий Осиёнинг устувор эҳтиёжларини муҳокама қилиш имкониятини беради. Тадбирнинг учта асосий мавзуси
- яшил тикланиш,
- рақамлаштириш ва
- бизнес муҳитини яхшилаш бўлади.
Шу сабабли, биринчи юзма-юз Европа Иттифоқи-Марказий Осиё иқтисодий форуми 2021-2027 йилларга мўлжалланган янги дастурга мувофиқ Европа Яшил келишуви, ЕИнинг рақамлаштириш режаси, Европа Иттифоқининг минтақавий ва икки томонлама дастурлари каби Европа Иттифоқи ташаббусларини ҳисобга олган ҳолда ушбу уч соҳадаги муаммолар ва имкониятларга эътибор қаратади. Европа Иттифоқи хусусий сектори томонидан таклиф қилинган ташаббуслар ва технологик ечимлар ҳам муҳокама қилинади.
Бундан ташқари, тадбир Марказий Осиё давлатлари вакиллари билан Форумнинг учта устувор йўналишига алоҳида эътибор қаратган ҳолда Европа Иттифоқи билан жорий ҳамкорликни, шунингдек, иқтисодий ҳамкорликнинг янги имкониятларини ҳар томонлама муҳокама қилиш имконини беради.
Марказий Осиё давлатлари томонидан миллий ҳукуматларнинг юқори даражали вакиллари, Европа Иттифоқи томонидан эса Европа комиссиясининг иқтисодий ва савдо масалалари бўйича ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис иштирок этади.
«Юқори даражали ушбу муҳим тадбирда Европа Иттифоқи вакили бўлиш мен учун катта шарафдир. Марказий Осиёнинг бешта давлати билан муносабатларимиз изчил такомиллашиб боряпти ва ушбу иқтисодий форум туфайли биз минтақалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликда навбатдаги қадамни ташлаяпмиз. Биз ҳамкорлик, савдо ва сармояни кенгайтириш масалаларини муҳокама қиламиз, асосий эътиборни барқарор бизнес муҳитини қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодиётларимизни яшил ва рақамли ўзгартириш каби устувор йўналишларга қаратамиз. Ҳудудларимизни ҳар қачонгидан ҳам яқинлаштириши мумкин», — деди Валдис Домбровскис.
Шунингдек, тадбирда Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг юқори даражали вакиллари, минтақада ЕИ лойиҳаларини амалга оширувчи ташкилотлар, Марказий Осиё ва Европадан хусусий сектор вакиллари, шунингдек, ривожланиш бўйича ҳамкорлар, жумладан, Европа молия институтлари иштирок этади.
Форум Инглиз ва рус тилларида бўлиб ўтади.