У ҳеч қайси замонда, ҳеч қайси маконда, ҳеч қайси карвонга — ҳеч қачон осон кечган эмас.

Бир товуққа ҳам сув, ҳам дон керак.

Битта бошини эплаёлмай юрганлар қанча.

Бир рўзғорнинг кам-кўстини тўғрилаш осонми?

Бутун бошли давлатни қалқитиш, миллион-миллион қалбларни янги, шиддатли ўзанларга буриб юбориш-чи?

Бунинг учун темир ироданинг ўзи камлик қилади. Яратган юқтирган юксак салоҳият, бетакрор жасорат ва яна кўплаб даҳо фазилатлар керак бўлади инсонга.

Келинг, узоққа бориб ўтирмайлик-да, бир лаҳза кўзларни чирт юмиб, эслаб кўрайлик: бундан атиги тўрт йил муқаддам Ўзбекистон Президенти томонидан Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган кунларда мамлакатимизда қандай манзаралар ҳукмрон эди? Одамлар бу ҳужжатга қандай қараган эдилар?

Мен ортиқча ҳис-туйғуларга берилиб, у дамларни шарҳламоқчи эмасман. Фақат жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган мазкур дастур “тарихий” деб аталганда, қандай-қандай ўй-хаёлларга борган, шубҳа-гумонлар ичида “яна битта тарихийми?”, дея бир-бирларига сирли-сирли тикилиб, мийиғида илжайганлар қанча бўлганини бир кўз олдингизга келтириб кўринг, демоқчиман, холос. Айни чоғда бундай бош чайқашларда оддий фуқаролар айбдор эмаслигини ҳам олдиндан таъкидлаш лозим, деб ҳисоблайман.

Илло, “тарихий” деб эълон қилинаверган, аммо амалга ошмай, қоғозларда қолиб кетган даста-даста ваъдалардан зериккан одамлар бу ҳужжатнинг “аввалгиларга ўхшамас”лигини ҳали билмас эдилар. Баҳор ёмғирлари дар­ёю ирмоқларни тошириб, қақроқ дашту далаларга ҳаёт бахш этганидек, ҳадемай мазкур дастур бутун бошли мамлакатни тебратиб-тўлқинлантириб юбориши ҳам, табиийки, улар учун ҳозирча туманли эди.

Аёнки, “тарихий” деганда, мамлакат ва миллат тақдирида сарбаланд эврилишлар юзага келишига йўл очган азамат саналар, асрларга татигулик воқеалар мажмуи тушунилади. Башарият китобида бундай нурафшон саҳифалар сув каби сероб, бепоён қир-адирларни яшнатиб ётган чечаклар мисоли бесаноғу беҳисоб эмас. Чунки қуёш тафтида ялтираган зарраларнинг барчаси олтин бўлмагани каби, “муҳим” дейилмиш воқеаларнинг ҳаммаси ҳам “тарихий”лик шарафига муносиб бўлавермайди. Афсуски, кўп йиллар давомида шу оддий ҳақиқат унутилди. Шўролар замонида, айниқса, бу бебаҳо сўзнинг қадри тушди, ер билан битта бўлди — тупроққа қорилди. Коммунистлар имзолаган сон-саноқсиз қарору фармонларнинг деярли ҳаммаси, баъзида эса комфирқа пешволари алжираб гапирган гапларга ҳам тарихийлик либоси кийдирилди.

Яхши-ёмон кунларни кўравериб, баландпарвоз, бир-биридан жозибали ҳужжат-утопияларга дуч келавериб дийдаси қотганларнинг Ҳаракатлар стратегиясига ишонқирамай қарашларида ҳам ўзига хос табиийлик бор эди, албатта.

Тўғри, эски арава эртаклардаги каби бир думалаб, учар гиламга айланиб қолгани йўқ. Ўйга толган, ташвишга тушган, қийналган пайтларимиз кўп бўлди. Лекин Худо шоҳид, уч-тўрт йилда эл қўзғалади, Ўзбекистон уйғонади, мудроқ дилларда эртанги кунга ишонч, иззат-икром пайдо бўлади, биз мана шундай муҳташам юксалишларнинг гувоҳи бўламиз деб ҳеч ўйламаган эдим.

Не ажабки, Ҳаракатлар стратегияси минг-минглаб чим босган чашмаю булоқларнинг кўзларини очиб юборди. Булоқлар ирмоқларга, ирмоқлар дарёларга айланди; дарёлар чўлу саҳроларга ҳаёт олиб кирди, паришон юракларга нур бағишлади, умид чироқларини ёқиб юборди. Мўйноқдан Манасгача, Сирғалидан Нукусгача, Жайҳундан Сайхунгача абри найсон ҳаволарига чулғанди. Тошкентда, ўнлаб кентларда сервиқор ситилар ана шундан кейин дунёга келди. “Кўз очиб, юмгунча” Тошкентнинг ер усти метросида учқур поездлар уммон балиқлари сингари суза бошлади. Қарийб биёбонга айланган Орол бўйларига экилган минг-минг гектарлаб саксовулзорлар ҳар тонг дилбар табассумлар ила бобо қуёшга салом бераётир. Асрлар давомида куйиб-чатнаб ётган қумзорларнинг мовий майса рангларига бўяниши ҳавасини келтирди осмондаги юлдузларнинг ҳам.

Тасаввур қилайлик, таҳлил ила баданимизга сингдирайлик: жаҳоннинг 191 мамлакатини мавҳ этиб, 1 миллион 840 мингдан зиёд кишининг умрига зомин бўлган коронавирус пандемиясидан қандай қилиб кам талафот кўряпмиз? Пандемия жаҳон иқтисодиёти учун ҳар ойда қарийб 400 миллиард доллар миқдорида зарар келтириб турган бир пайтда қандай қилиб аввалги кўрсаткичларни сақлаб қоляпмиз? Дунё бўйича 500 миллион иш ўрни йўқотилган ва миллион-миллион мардум кўчада қолганда, қандай қилиб минг-минглаб янги иш ўринлари пайдо қиляпмиз? Қандай қилиб бир йил ичида 527 минг фуқаро иш билан таъминланиб, яна 500 минг нафарининг меҳнат фаолияти қонуний тарзда йўлга қўйилди? Юз минглаб муҳожирлар “аканг мен” деб юрган давлатларда кунини ўтказолмай, тошларга бош уриб турганда, қандай қилиб 600 мингдан ортиқ ватандошимиз хориждан олиб келинди? Чет элларда мудҳиш аҳволга тушиб қолган 100 мингга яқин фуқароларимизга зарур ёрдамлар кўрсатилди?

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича уч йил ичида 5 миллионга яқин аҳоли яшайдиган 1 минг 200 та маҳалла ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб кетди. Бу манзил-маконлардаги бахтиёр чеҳралардан таралган нурни айтмайсизми?!

Булар — не-не улуғларни лол қолдиргувчи юмушларнинг бир парчаси, холос. Энди мана бу рақамларни томоша қилайлик: 2020 йил “Навоийазот”да аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекси ҳамда азот кислотаси заводи, Муборак, Газли ва Шўртан нефть-газ корхоналарида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қурилмалари, Тошкент металлургия заводи каби 197 та ҳайбатли объект барпо этилди. Қатор вилоятларнинг “IТ-парклар”ида 500 дан зиёд замонавий компания иш бошлади. Бир йилда! Ўн икки ойда! 365 кунда!

Яна: пандемия қутқу солиб туришига қарамай, қўни-қўшнилар билан яқин алоқалар бир кун ҳам тўхтамади, жаҳон билан узилган кунимиз бўлган эмас; бир қарасангиз, неча-неча давлатларнинг ишбилармонлари келади, бир қарасангиз, йирик сиёсат арбоблари, давлат раҳбарлари билан эса телефон орқали муттасил самимий мулоқотлар...

Яна: Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғона кўтарилиб, 44-ўринни, “Иқтисодий эркинлик” рейтингида 26-ўринни эгаллади.

Уйида хотиржам ўтирган киши бу ютуқлар қандай машаққатлар ҳисобидан қўлга киритилаётгани, бундай саъй-ҳаракатларнинг қанчалик мушкуллигини дафъатан ҳис этмаслиги мумкин. У уйқусида ширин тушлар кўради, гўзал заминда яшаб туриб, хаёлан осмону фалакнинг нурли гулшанларида сайр этади. Тунни хотиржам ўтказиб, мусаффо тонгни шодон кутиб олар экан, кимдир бетама, мукофоту мақтовларсиз бола-чақасию овул-қўрғонининг тинчлик-осойишталигини бедор қўриқлаб турганини сезмайди. Бундан ортиқ саодат бўлиши мумкинми инсон фарзандига! Шукрлар бўлсинким, Аллоҳнинг иродаси ила тўрт йилдан буён ватандошларимиз худди шундай моҳрухсор бахтга муяссар бўлиб турибдилар. Толмас, ўз миллатига, Ватанига, она заминига садоқатли Йўлбошчиси бўлган, манглайи ярқироқ халққагина раво кўрилади бундай мўътабар толе. Баралла ҳайқиргим келадики, меҳнаткаш халқимизнинг пешонасига улуғ раҳбар битди. Боғ жамоли — боғбондан экан. Йўлбошчимиз кўркам истеъдоди, бағрикенглиги, танти ва элпарварлиги билан ёшу қари — барча ватандошларимиз қалбини забт этмоқда, юртни обод, миллатни бахтиёр қилмоқда. Қалб қўридан қайнаб-тошиб чиқаётган оташин даъватлари эса кўнгил боғларига муалло сурурлар бағишлаб, чорбоғу чаманзорларимизни қушлар чуғурига тўлдирмоқда.

Тўрт йилдирки, аввалгилардан тамоман бошқа вазиятда, бошқа ҳаволардан тўйиниб яшаяпмиз. Озод, демократик давлат, мустақил тафаккур, шарқона эътиқод асосидаги эркин жамият ва эркин бозор иқтисодиёти қуриш йўлида шахдам қадамлар ташлаяпмиз. Ари заҳрин чекмаган бол қадрини билмайди. Пешона теримиз билан топган пулимизни банклардан олиш учун 30-40 фоизгача “пора” берган мунглиғ кунлар орқада қолди. Қўни-қўшнилар билан олди-берди тамойиллари ҳам эркин бозор иқтисодиёти муносабатларига ҳамнафас бўлиб бораётир.

Ардоқли устозимиз Абдулла Ориповнинг шундай тўртлиги бор:

Бозорга ўхшайди асли бу дунё,

Бозорга ўхшайди бунда ҳам маъни.

Иккиси ичра ҳам кўрмадим асло.

Молим ёмон, деган бирон кимсани.

Шундай. Бозор, ўз оти билан — бозор. Бозорнинг ота-онаси йўқ. Ўғрию тўғри, поку нопок — ҳаммасини учратиш мумкин у даргоҳда. Рақобат оламидаги бу қутблар баъзан аралаш-қуралаш бўлиб кетаётгандек туюлса-да, ҳозирги эркин бозор тамойиллари уларниям маънавиятли, маърифатли бўлиб, бақамти, ҳамоҳанг ишлашга чорлаётир. Зеро, сармоя деб фойда кетидан қувганларга ҳам, тараққиёт илмидан орқада қолмайин, деб елиб-югуриб юрганларга ҳам мукаммал маънавият сув билан ҳаводек зарур. Маънавияти тўкис инсон ўзининг қатъий яшаш дастурига эга бўлади, тараққиётнинг пасту баланд йўлларида қоқилмайди, ўзлигини сақлаб қолади. Президентимиз шунинг учун ҳам халқона мумтоз маданият ҳаммага, ҳамиша кераклигини қайта-қайта таъкидламоқда, нафақат жамият, балки иқтисодий тараққиёт ҳам маънавий баркамолликда эканини уқтирмоқда. Ёш авлодни маънавий етук, комил инсон руҳида тарбиялаш эса аллақачонлар давлатнинг биринчи вазифасига айланиб кетди. 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деган номнинг берилиши бу ғамхўрлик ва эътиборни яна бир карра тасдиқлади. Зеро, олам ёшлар қўлида. Тараққиёт ҳам, инсоният келажаги ҳам уларга боғлиқ. Ёш истеъдодлар миллат келажаги. Уларга бўлган муҳаббат — Ватан ва миллат келажагига бўлган муҳаббатдир. Биргина Сирғалининг ўзида улар учун 500 дан ортиқ кўп қаватли иморат қурилди. Минг-минглаб ёшлар уй-жой билан таъминланди. Уларнинг асарларини чоп этиш, кўргазмаларини намойиш этиш, жамғармалар тузиш-чи? Президент мактаблари, ижод мактаблари, аниқ фанларга ихтисослашган махсус мактаблар, янги институтлар, янги факультетлар... 2021 йилнинг ўзида яна 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ташкил этилади. Илк бор математика, кимё-биология ва геология фанларини таълим ва илмнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб, уларни комплекс ривожлантириш чоралари кўрилади ва 98 та ихтисослашган мактаб ҳамда Геология фанлари университети ташкил этилади.

Яна бир мураккаб масала — чекка ҳудудлардаги мактабларда муаллим етишмаслиги анча вақтдан буён кўпчиликни қийнаб келаётган эди.

Тоғдай орқаси бўлганнинг тоғдай юраги бўлади, энди муаллимларда иккови ҳам бор. Президентимиз ўттиз йиллик муаммонинг ечимини топиб берди. Энди бошқа туманлардаги олис мактабларга бориб дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишлайдиганларга — 100 фоиз устама ҳақ тўланади! Улар уй-жой билан таъминланади.

Эл тилида, бола — лой, она — кулол, деган ҳикмат бор. Пишган лойнинг чинниси тоза бўлади. Муаллим ҳам бамисоли она кабидир. У ёшликдаги илм тошдаги битикдек ҳеч қачон ўчмаслигини яхши билади. Ўрганиш — бир ҳунар, ўргатиш — икки ҳунарлигиям аён унга. Аммо ҳар иккиси учун ҳам шароит бўлмаса, у бечора нима қилсин эди? Қорни тўқ, усти бут кулол — оналар таълимини олганлар эса халқ тили билан айтганда, ҳеч қачон ҳўкизнинг ўтини еб, қўйнинг қилиғини қилмайди. Тўғри бўлади, мард бўлади, жасур бўлади, туғилган тупроғига хиёнат қилмайди. Ўқитувчиларгаям, ўқувчиларгаям дилдан ўргатиб, дилдан ўрганадиган давр бошланаётир.

Тағин бир-икки рақамни айтмасам бўлмайди:

бу йил яна 2 та тезюрар поезд ҳаракати йўлга қўйилади. Бухоро — Урганч — Хива темир йўлини электрлаштириш бошланади. Тошкент шаҳрида ер усти метросининг 12 километрлик узунликдаги иккинчи босқичи фойдаланишга топширилади, шу тариқа ер ости ва ер усти метро линиялари яхлит тизим сифатида бир-бирига уланади. Қашқадарёда эса қиймати 3 миллиард 600 миллион доллар бўлган, йилига 1,5 миллион тонна керосин, дизель ёнилғиси ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарадиган мажмуа тўлиқ маҳсулот бера бошлайди.

Ҳозир мамлакатимизни катта қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Кунда-кунора янги-янги саноат корхоналари, жамоат бинолари, спорт комплекслари, боғу хиёбонлар қурилиб, ишга туширилмоқда.

Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб пойтахтда “Истиқлол” мажмуасининг бунёд этилиши, машҳур япон архитектори Тадао Андо лойиҳаси асосида Миллий академик драма театрининг қад ростлаши, янги санъат музейи, замонавий кутубхона ҳамда Алишер Навоий номидаги халқаро ижод мактабидан иборат маданият ва маърифат мажмуаси қурилажаги; “Ипак йўли дурдонаси” — Тошкент халқаро кинофестивали номи билан кўп йиллар давомида ўтказиб келинган халқаро кинофестивалнинг қайта тикланиши кабилар юракларни ифтихор туйғуларига чулғантирмаслиги мумкинми, ахир! Бундай ҳайратли режаларни санаш, яна давом эттириш мумкин. Энг муҳими шундаки, қўл билан қилинар иш, бош билан кўп ва хўп ўйланган. Ўйлаб-ўйлаб жўяк олсангиз, ўйнаб-ўйнаб суғорасиз тарзида узоқ мулоҳаза қилинган. Шунинг учун ҳам режадаги тадбирларнинг ҳеч қайсиси шунчаки қоғоздаги ёзувлар эмас. Уларнинг ҳар бири миридан-сиригача ҳисоб-китоб қилинган, амалга оширишнинг аниқ йўли белгиланган, жавобгари бор, муддати бор, маблағи бор. Ижро йўли шу даражадаки, ҳатто ҳар битта боғча боласига сарфланадиган харажатгача манбаси аён. Агар фикримизни бадиий ташбиҳга ўраб айтадиган бўлсак, ҳар бир ниҳолнинг илдизидан баргигача ҳисобга олинган. Яъники, ҳар бир ишнинг чамаси, ҳар дарёнинг кемаси аниқ.

Жаҳон аҳли, қўни-қўшни, дўсту душман — барчаси гувоҳ бўлиб турибдилар: Ўзбекистонда улкан эврилиш жараёнлари шиддат билан давом этмоқда. Дунё эса нотинч. Ер юзидаги вазият танбурнинг торидай тобора таранглашиб бораётир.

Ана шундай таҳликали, у кўзнинг бу кўзга дўстлиги бўлиб-бўлмай турган безовта кунларда ўқтин-ўқтин собиқ империяни қўмсашга ўхшаш овозлар эшитилиб қолаётгани одамни муайян ҳушёрликка чақиради. Мустақилликни кўз қорачиғидай асраш, авайлаб сақлаш, бу муборак йўлда ҳамжиҳат бўлишга ундайди.

Ақли бутун одам курраи заминда бўлаётган можароларни кўриб туриб, ўзимиздаги осойишталик учун шукрона айтмаслиги мумкин эмас. Оқиллар бекорга “Тинчлик билан эл кўкарар, ёмғир билан — ер” демайди. “Жанжалли уй — азобли гўр”, “ Тотувлик — бахт, тотувсизлик — қулаган тахт” деган гаплар ҳам осмондан тушгани йўқ.

Халқимизнинг турфа фазилатлари ва аччиқ тажрибаларидан сабоқ олиб эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги — тўртинчи Мурожаатномаси вужудимни ана шундай чароғон нурларга буркади. Йўлбошчимиз даъватидаги кишини эзгу ишларга ундовчи жанговар латофатлар, анбар ҳаволар олиб киргандек бўлди ватандошларимиз юрагига.

Тўрт йиллик эврилишлар жараёнида халқ кучига тўғон йўқлигини, халқ пуфласа — бўрон, тепинса зилзила бўлиши ва тиришганнинг тешаси тошга чега қоқиши мумкинлигини яна бир марта кўрдик, бошимиздан ўтказдик. Бу эврилишлар давлатимиз ва жамиятимизда фаровонликни ошириш, тараққий этган давлатлар даражасига етиб бориш йўлидаги энг салмоқли қадамлар бўлди. Биз аввалги икки Ренессансдан сўнг йўқотган дурларимизни яна битта-битталаб териб ола бошладик. Президентимиз армон қилганидек, агар аввалги икки Ренессанс чироқлари ўчмаганда, давом этганда, юксалганда эди, неча асрлар давомида кимларгадир қул бўлмаган, аллақачонлар Учинчи эмас, Тўртинчи Ренессанс ҳаволаридан баҳраманд бўлиб турган бўлур эдик. Аммо оққан дарё оқмай қолмайди. Мана исботи: асрий таомилларимизни унутмаган тарзда биз она ўзбек диёримиз ҳудудида тағин Амир Темур замонасидаги каби ҳавасли буюк давлат тузиб, Учинчи Ренессанс иморатига биринчи ғиштларни қўймоқдамиз.

Замоннинг назари нечоғлиқ тийрак ва жоҳил бўлмасин, муваққат чанг-чунглар ювилиб, асл жамолига тўйиб-тўйиб боқишимиз мумкин бўлган миллат ғурури тўла шаклланадиган пайтлар жамол кўрсатаётир, кенг қамровли, ҳаётий фалсафа ва чексиз руҳий идрок жамланган Президентимизнинг Мурожаатномасида билакларга куч-ғайрат бағишловчи муборак нафас уфуриб турибди. Бу ҳужжат мағзи ва тафаккури билан камолот хазинасининг мулки бўлади, ҳатто бошқалар учун ҳам ибрат-намуна — мўътабар манба бўлиши мумкин.

Кўп йиллик ғубор қизғалдоқ баргидек учмайди. Маънавий боқимандалик, майда ташвишлар, ўзаро даҳанаки жанглардан холи, мардона меҳнат талаб қилинади бундай ғуборлардан қутулиш учун. Ҳозир айнан истиқлол абадийлигини сақлашдек синовли кунлар билан юзма-юз турибмиз.

Абдусаид КЎЧИМОВ,

ёзувчи