Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг тизим ташкилотлари, жумладан, “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДК мутахассислари учун 3 кун давомида мувофиқликни баҳолаш соҳасида Европа давлатларида олиб борилаётган ишлар ва ўзига хос амалиёт билан таништирувчи семинар бўлиб ўтди.

Европа комиссиясининг техник ёрдам ва маълумот алмашиш лойиҳаси томонидан ташкил этилган семинарда Бельгия иқтисодиёт, ўз-ўзини иш билан таъминлаш ва энергетика бўйича Федерал давлат хизмати катта бош маслаҳатчиси ва бошқарувчи директори Морин Логге, Руминия стандартлаштириш Ассоциацияси бошқарма бошлиғи Сперанта Стомфф, Руминия стандартлаштириш Ассоциацияси эксперти Диана Андрея Ёрга ва Болгария метрологик ва техник назорат Давлат агентлиги бош котиби Даниела Миланова-Горчевалар ўз маърузалари билан қатнашди.

Семинарнинг биринчи куни ЕИ бозорларида назорат юритишнинг умумий асослари, маҳсулот маркировкаси, ЕИнинг мувофиқлик Декларацияси, техник ҳужжатлар, мувофиқликни баҳолаш жараёнлари хақида маълумотлар берилиб, иштирокчи ва экспертлар ўртасида фикр-мулоҳазалар алмашинди.

Машғулотларда аккредитация ва уйғунлаштирилган тармоқ қонунчилиги, хавфларни баҳолаш, эркин саноат ҳудуди ва ўйинчоқлар ҳавфсизлиги бўйича қонунчилик базаси хусусида маърузалар тингланди ва бу борадаги Европа тажрибаси мисоллар ёрдамида тушунтирилди.

Учрашувда экспертлар ЕИ қонунчилигида стандартларга қандай турдаги ҳаволалар берилганлиги ва уларни амалиётда қандай қўллаш лозимлиги ҳақида фойдали маълумотларни келтирди. Шунингдек, ягона бозорда техникаларнинг эркин ҳаракатланиши, ЕИнинг фуқаролар ва ходимлар ҳавфсизлигини юқори даражада таъминлаш учун қандай ишлар олиб бораётганликлари ҳақида гапириб бердилар.

Айтиш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги мувофиқликни баҳолаш, ишлаб чиқариш ва савдо билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатлари ва меъёрий актларни қайта кўриб чиқмоқда. Ушбу жараёнда амалиётдаги ҳужжатлар ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик қилишда барча жиҳатларни қамраб олмаганлиги кўзга ташланди. Европа давлатлари тажрибаси билан танишиш эса мавжуд бўшлиқларни тўлдиришга, Ўзбекистон савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантириб, қонуний асосни иқтисодиёти мустаҳкам, хусусан, ЕИ давлатларида қабул қилинган меъёр ва талабларга яқинлаштириш имконини беради.