Испанияга сафар қилган Англиянинг “Манчестер Сити” жамоаси “Севилья”ни йирик – 4:0 ҳисобида тор-мор этди.

Европа футболида янада ёрқинроқ порлаётган Эрлинг Холанд учрашувда икки голга муаллифлик қилди. У “шаҳарликлар” сафида мазкур мубоқадаги дебютидаёқ дублга эришган илк футболчи бўлди.

22 ёшли норвегиялик шунингдек, ЕЧЛдаги 20 ўйинда 25 голини уриб, бунга энг тез эришган футболчига ҳам айланиб олди. Аввалги рекорд эса Филиппо Инзаги ҳамда Рууд Ван Нистелройга тегишли эди – 30 ўйинда 25 та гол.

Холанд билан боғлиқ яна бир қизиқ ҳолат: у ўтган йили Дортмунднинг "Боруссия" жамоаси таркибида айнан “Севилья” дарвозасига икки марта тўп жойлаб, ўшанда ҳам дублга эришган эди. Бу норвегиялик футболчининг чемпионлар лигаси доирасидаги 13 ўйинда 18-голи ва бу рекорд натижа эди. Чунки ҳали ҳеч қайси футболчи унгача 18 та гол уриш учун бу қадар кам ўйин сарф қилмаганди.