Европа Иттифоқи Туркманистонга шахсий ҳимоя воситалари, COVID -19 учун тест синовлари ва кислород генераторларини етказиб беради, шунингдек, касалхоналарнинг эҳтиёжларини таҳлил қилади. Бу “COVID - 19 Марказий Осиё мамлакатларида: Европа Иттифоқининг Инқирозга қарши чоралар (CАCCR)” дастури доирасида амалга оширилади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Туркманистондаги ваколатхонаси матбуот ва ахборот бўлими маълум қилди.

“COVID -19” пандемиясининг тарқалиши миллий соғлиқни сақлаш тизимлари қанчалик ҳимоясиз ва жамоат соғлиғида юзага келган фавқулодда вазиятларда қандай муносабатда бўлишни қайта кўриб чиқиш қанчалик муҳимлигини кўрсатди. Шу боис, CАCCR дастури бугунги кунда зарур дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминлашдан ташқари Туркманистондаги лаборатория ва шифохоналарга эртанги кунда юз бериши мумкин бўлган шунга ўхшаш пандемияга яхшироқ тайёргарлик кўришга ёрдам беради”, деди элчи ва Европа Иттифоқининг Туркманистондаги Делегацияси раҳбари Диего Руис Алонсо.

Умуман олганда, CАCCR учта мамлакат тиббиёт ходимларига 400,000 шахсий ҳимоя воситалари ва COVID -19 ташхиси учун 1000 та диагностик синов тўпламларини етказиб беради.

Кислород генераторлари Туркманистонга алоҳида олиб келинади. Шифохоналарнинг тайёрлиги ва эҳтиёжлари таҳлил қилинади ҳамда уларнинг ҳар бири учун ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилади. CАCCR шунингдек, Туркманистон тиббиёт ходимлари учун эпидемиологик тайёргарлик тренингларини ўтказади.