Европа Иттифоқининг (ЕИ) Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати маълумотига кўра, юқори мартабали мулозим Ўзбекистонда ҳам қатор учрашувлар ўтказади.
Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссар Йозеф Сикела ташриф мобайнида ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий тараққиётни кучайтириш, иш ўринларини яратиш ва барқарор иқтисодий ўсишни кучайтиришга йўналтирилган "Global Gateway" ташаббусини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади.
Комиссар Йозеф Сикела минтақага сафари мобайнида "Global Gateway" стратегиясининг транспорт, муҳим хомашё, рақамли алоқалар, сув, энергетика ва иқлим каби йўналишларига оид бир қатор ҳужжатларни имзолаши кутилмоқда.
"Марказий Осиё Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиб, бизнинг алоқаларимиз истиқболда ҳам улкан салоҳиятга эга. Бугунги глобал муаммолар мустаҳкам ҳамкорлик зарурлигини яна бир бор тасдиқлайди ва мен ушбу сафар давомида айнан шуни кучайтиришга интиламан", деди Йозеф Сикела.
У Ўзбекистонга ташрифи давомида расмийлар билан учрашади, шунингдек, Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК)га ташриф буюради. Маҳаллий ва европалик тадбиркорлар билан фикр алмашиш, эртаси куни эса рақамли технологиялар соҳасидаги минтақавий лойиҳаларни имзолаш маросими бўлиб ўтади.