Унда Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Грузия, Украина, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакиллар (Бизнес-омбудсманлар), Корея Республикасидаги инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман ҳамда Польшадаги кичик ва ўрта корхоналар бўйича Омбудсманлар иштирок этди. Ушбу тадбир доирасида амалга ошириладиган ҳамкорлик давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартиришга, тадбиркорларни максимал даражада қўллаб-қувватлашга ва бизнес юритиш учун ўта содда шароитларни яратишга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш имконини беради.

Форум давомида бўйича тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳурмат қилиш, хусусий секторда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошириш чора-тадбирларини ўзида акс эттирувчи Тошкент декларацияси имзоланиши кутилмоқда. Декларацияни имзолаш орқали форум иштирокчилари миллий ва халқаро норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қўллаш бўйича бир-бирларига ҳуқуқий маслаҳатлар беришга тайёр эканликларини тасдиқлайдилар. Ўзбекистоннинг кўплаб давлатлар билан жадал ривожланиб бораётган иқтисодий алоқаларини ҳисобга оладиган бўлсак, мазкур чора-тадбирлар форумда иштирок этаётган давлатлар ҳудудида ўзбек тадбиркорларини ҳимоя қилиш ва Ўзбекистонда хорижий тадбиркорларни ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш жоизки, илгари Ўзбекистон Бизнес-омбудсмани томонидан Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Грузия мамлакатларининг Бизнес-омбудсманлари билан меморандумлар имзоланган эди. Тошкент декларациясининг имзоланиши турли мамлакатлар Бизнес-омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга имкон яратади, ваҳоланки мазкур ҳужжат тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, фикр, ахборот ва амалий тажриба алмашиш мақсадида доимий равишда учрашувлар ўтказишни назарда тутади.

Тошкент декларациясида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши иштирокчи-давлатлар иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишда шубҳасиз ижобий самара беради.

Маълумот ўрнида:

Ўзбекистонда Бизнес-омбудсман институти 2017 йилда ташкил этилган эди. Ушбу институт давлатнинг тадбиркорлик фаолиятига аралашувининг олдини олиш, шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ихтисослашган орган сифатида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва инвестиция жозибадорлигини оширишга ҳисса қўшмоқда.

2021 йил давомида ушбу ташкилотга 10 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 6 мингга яқини ижобий ҳал этилган, 3 мингга яқин мурожаат эгасига тушунтириш ишлари олиб борилган. Қолганлари эса тегишли тартибда ваколатли органларга кўриб чиқиш учун юборилган. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, олиб бориладиган текширув ишларида уларнинг ҳуқуқлари устуворлигини таъминлаш мақсадида назорат қилувчи органлар ва улар томонидан амалга оширилган текширувларнинг қонунийлиги кўриб чиқилиб, мониторинг қилинди. Бунинг натижасида қонун бузилиш ҳолатини содир этган мансабдор шахсга нисбатан икки мингга яқин маъмурий жавобгарлик чоралари кўрилган.

Соҳиба Муллаева,

"Янги Ўзбекистон" мухбири