“Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси” АЖ ахборот хизмати хабар беришича, биржанинг янги савдо майдончасини ишга туширилиши билан буғдой, шакар, пахта ёғи ва бошқа маҳсулотларини биржанинг электрон савдо тизимлари орқали эркин импорт қилиш, шунингдек, нефт маҳсулотлари, қора металлар, кимёвий маҳсулотлар, электротехника машиналари ва ускуналарини экспорт қилиш имкониятлари очилмоқда.

Бунда хорижий компаниялар биржа савдолари ва электрон тижоратнинг бозор механизмлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистон товар бозорларига тўғридан-тўғри чиқишлари мумкин.

Мазкур электрон савдо тизими мижозларга хизмат кўрсатишнинг ягона механизми, амалга ошириладиган савдо ва ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги, ишончли товар ишлаб чиқарувчилар билан бевосита алоқа ўрнатиш, вақт ва маблағ тежамкорлилиги, шунингдек тўловларни ва товарни етказиб беришнинг кафолатлаш каби афзалликларга эга.

Маҳаллий товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларимиз ўз навбатида, хорижда фаолият юритаётган биржа савдо майдончаларининг биржа ва маркетинг хизматларидан фойдаланиб, ўз маҳсулотларини ташқи бозорларга самарали усул билан олиб чиқишлари ҳам мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг халқаро савдо тармоғи Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон Республикаси ва Украинада жойлашган биржа офисларини ўз ичига қамраб олади.

Шундай қилиб, ҳозирги кунда "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖ халқаро савдо тармоғи 15 та хорижий савдо майдончаларидан иборат.

Маълумот учун: Хорижий савдо майдончалари бу электрон биржа савдоларининг ягона тизимига уланган биржанинг масофадаги савдо марказларидир. Улар тадбиркорларга биржа савдоларида эркин қатнашиш ҳуқуқини ва биржа битимларни мустақил равишда рўйхатдан ўтказиш имкониятини беради.