Кўчат экиш, уни парваришлаш, атроф-муҳитни тозалаш, умуман, табиатдан оқилона фойдаланиш ҳамда унга ижобий муносабатда бўлиш ўзбек халқига хос эзгу анъана ҳисобланади. Ушбу анъаналарнинг илдизи бевосита зардуштийлик таълимотининг борлиқ ҳақидаги фалсафий-диний ғояларига бориб тақалади. Халқнинг миллий хусусиятларига сингиб кетган “Авесто” китобидаги ғояларда табиатга муқаддас бир борлиқ сифатида қаралиб, илоҳийлик нуқтаи назардан муносабатда бўлинади.

Чунончи, табиатнинг асосини ташкил этган тўрт унсур – сув, олов, тупроқ ва ҳаво ифлослантирилмаган, бебаҳо борлиқ неъмати сифатида қадрланган. Ушбу фалсафий ёндашув кейинчалик ислом динининг асосини ташкил этиб, ҳамиша бунёдкорликка чорлаб келган. Зеро, муқаддас манбалардаги сувга ахлат ташламаслик, ҳавони булғамаслик, тупроқни ифлослантирмаслик каби эзгу ғоялар неча асрлар ўтса ҳамки, ўз маънавий қийматини йўқотган эмас.

Бу хусусда жорий йилнинг 2 февралида Президентимиз раислигида чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича 2022 йилдаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда Президентимиз “Ҳаммангиз яхши биласиз, халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган...” деб таъкидлаган эдилар. Давлат раҳбари томонидан табиатни асраш борасида илгари сурилган улкан эзгу ғоя замирида яшил макон бўлган табиатни соф ҳолда сақлаш, асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга яратувчанлик асносида гўзал ҳолда етказишга қаратилган чорлов ётади.

Дарҳақиқат, кўчат экиш, боғ яратиш инсонни юксалтиради, унинг манфаатли натижаси эса, эгасига чексиз яхшиликлар келтиради. Шу жиҳатдан, миллий жиҳатларимизнинг гўзал амалий ифодаси сифатида боғ яратиш, умуман яратувчанлик билан яшаш қон-қонимизга сингиб кетган азалий қадрият бўлганини яқин йиллар давомида кўришимиз мумкин. Халқ орасида дастуруламалга айланган “Эртага қиёмат бўлади, дейишса ҳам кўчат ўтказинг”, деган ҳадис асосида ота-боболаримиз яшаб, ана шундай туйғу билан амалий фаолият олиб борганлар.

Шу ўринда ҳаётий бир мисолни келтириб ўтмоқчиман. Маҳалламизда Ҳамро бобо (Аллоҳ раҳмат қилсин) деган бир меҳнатсевар инсон бўлар эди. Биз ёшлар бобонинг заҳматли меҳнатини кўриб улғайганмиз. Улар ҳамиша меҳнат қилиб, она ер тафтидан нафас олиб, умри далада ўтган бағрикенг, меҳнатсевар инсон эди. Аммо ҳеч қачон ўша инсонни норози қиёфада кўрмаганмиз, ҳамиша ўз ишига сидқидилдан ёндашарди. Тўғрироғи, қилаётган иши Ҳамро бобога завқ бағишлар эди. Ҳамро бобони атрофдагиларга бир олам яхшилик, бунёдкорлик улаша оладиган инсон, деб биларди ва ҳамиша ҳурмат қиларди. Биз ёшлар ҳам ўша инсонни кўрсак, қалбимизда меҳр уйғонарди.

Ёшлигимда кўчат экиш ва унинг савобидан умидворлик билан боғлиқ бир ҳикояни эшитганман. Унда кекса бир отахоннинг завқ билан боғ яратаётганлиги ва йўлдан ўтаётган подшоҳнинг боғбон ҳаракатидан ҳайратланиб, яратган боғи қачон ҳосил бериши-ю, қари ҳолида унинг ҳосилидан баҳраманд бўлолмаслигини айтиши келтирилган. Ўша ривоятда кекса отахон “мен баҳраманд бўлолмасам-да, аммо инсон ва ер юзида қимирлаган ҳар бир жон борки, шу боғ ҳосилини тотса, боғбон ҳаққига дуо бўлиб боради”, деб айтган ибратли сўзлари Ҳамро бобони ёдимга солганди. Ўшанда ҳикоя қаҳрамони гўё Ҳамро бобо қиёфасида гавдаланган эди. Меҳнатсевар Ҳамро бобо турли мевали дарахтларга эга бўлган катта бир боғ, атиргулнинг турли навлари экилган гулзор қолдирди. Бугун шу боғ қанчадан қанча инсонларга манфаат келтиряпти, қимирлаган жон борки, унинг ҳосилидан баҳраманд бўляпти. Ҳамро бободек меҳнатсевар инсонлар бугун орамизда бор. Улар ҳаётидан бугунги авлод ибрат олган ҳолда фаолият юритиши лозим.

Табиат муҳофазаси, атроф-муҳит тозалигига эътиборнинг гўзал намунаси сифатида ҳашар ишларининг камайиб бораётганини тилга олиш мумкин. Бежиз, ота-боболаримиз ҳашар маросими билан боғлиқ эзгу анъанани мавсумий тарзда ўтказиб келишмаган. Бу орқали инсонларнинг атроф-муҳитга, табиатга нисбатан ижобий муносабатини янада мустаҳкамлаш баробарида инсонлар ўртасида ҳамжиҳатлик, бирдамлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатлилик каби юксак фазилатлари ҳам шаклланган. Бу каби табиат билан боғлиқ гўзал анъаналаримиздан бўлган гўдак туғилгач, унга атаб ниҳол экиш ёки янги келин-куёв қўша қариб, бир жойда кўкариб, серфарзанд бўлиши учун дарахт ўтказиш каби одатлар яхшиликка тарғиб этиш мақсадида бажариб келинган. Аммо, афсуски, бугун бироз табиатдан узоқлашгандекмиз, назаримда. Чунки техника ривожланган асрда табиатдан чекиняпмиз. Халқ орасида азал-азалдан бажариб келинган табиат муҳофазаси билан боғлиқ миллий анъаналаримиз йўқолиб бормоқда.

Бу борада, давлатимиз раҳбари “Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди. Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди...”, деб афсус билан таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, бугун кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётган экан, бор куч-ғайратимизни “яшил макон” бўлган табиатни янада яшнатишга, имкон қадар яратувчанликка сарф қилишимиз лозим. Албатта, табиатни асраш, муҳофаза қилишга ҳар биримиз масъулмиз. Табиатдаги ҳар бир нарса, яъни набодот ва ҳайвонот олами фақат инсон учун хизмат қилади. Шундай экан, муносабат ҳам ижобий бўлиши шарт. Давлат раҳбари илгари сурган эзгу ва хайрли ғоя атрофида бирлашиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз лозим. Зеро, табиат ва ундаги табиий ресурслар инсон учун берилган омонатдир. Бу омонатни асраш ва ҳимоялаш ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Лола АЗИМОВА,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти