Акцияга Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасининг тажрибали шифокорлари жалб этилди.
Қашқадарё вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида олти кун давомида ташкил этилган мазкур акцияда фонднинг тиббий дастурларига асосан оғир ташхисли бемор болалар даволаш, бепул дори-дармон воситалари билан таъминлаш, улар саломатлигини мунтазам тиклаб бориш каби ишлар амалга оширилди. Шунингдек, операция қилинишига зарурат бўлган бемор болаларда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Малакали шифокорлар бошчилигида старт олган акциянинг дастлабки кунида 250 нафардан ортиқ бемор болалар ва уларнинг ота-оналари ташриф буюришган бўлса, тиббий кўрик якунига қадар болалар сони 500 нафардан ошди. Биринчи босқичда барча болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Мутахассисларнинг тавсия ва хулосалари асосида акция давомида олтмишдан ортиқ болада шу ернинг ўзида жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
— Фарзандимга шифокорлар туғма юрак пароги, ташхиси қўйишганди, — дейди Гулчеҳра Ражабова. — Анчадан бери Тошкент шаҳрига бориб, қизимни даволатмоқчи бўлиб юргандим. Рости, бироз имкониятимиз йўқлиги боис пойтахтга боролмай тургандик. Қарши шаҳрида малакали мутахассислар болаларни бепул тиббий кўрикдан ўтказишаётгани ҳақида эшитиб қолдим. Келиб, кўрикдан ўтказдим. Шифокорлар жуда яхши, хушмуомала экан. Қизимни яхшилаб тиббий назоратдан ўтказишиб, хулосалар беришди. Соҳа вакилларига раҳмат. Эндиликда уларнинг тавсиясига асосан фарзандим тез орада даво топадиган бўлди. Шунингдек, олисда эмас шу ернинг ўзига мутахассисларнинг келишгани биз каби ота-оналар учун жуда яхши бўлди.
Айнан давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан ташкил этилган Жамоат фондининг иш бошлаганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Ўтган қисқа даврда республикамизнинг кўпгина ҳудудларида тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож болажонларга хайрия ёрдамлари, операция харажатлари тўлиқ қоплаб берилмоқда. Воҳада ташкил этилган акция доирасида ҳам Жамоат фонди томонидан нафақат болаларни соғломлаштириш, зарур дори воситалари билан таъминлаш каби харажатлар ҳам тўлиқ қоплаб берилди.
Эътирофлиси, Болаларни қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан нафақат юртимиз, балки хорижий клиникалар билан ҳамкорлик меморандумлар имзоланган. Бу келишув доирасида ҳам қатор ижтимоий-тиббий лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Албатта, бу каби ижтимоий акцияларнинг доимий равишда ўтказилиб борилиши бемор болажонларни даволаш, уларни тенгдошлари каби соғлом ҳаётга қайтариш йўлидаги эзгу амаллардан бири ҳисобланади.
Акбар Раҳмонов,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.