ОАВ вакилларини икки тоғ ўртасида жойлашган, пурвиқор, яшил ва сердарахт шаҳар кутиб олди. Шаҳарнинг иқлими мўтадил, ҳавоси тоза. Бу эса ижод қилишга қанот бўла олади.
3-8 ноябрь кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида World2you лойиҳаси доирасида Media Camp ўтказилди.

Ўрта Осиё журналистлари ўртасида ташкил этилган ўқув машғулотда қирғиз ва туркман журналистлари онлайн иштирок этди.
Тренинг ўзбекистонлик медиа эксперт, тренер Беруний Алимовнинг «Янги глобал медиа маконда дезинформация: маҳаллий ОАВ учун янги челленжлар» мавзусидаги интерактив сессияси билан бошланди. Машғулотдан қизиқарли ва янги маълумотларга эга бўлган журналистлар ўзаро баҳслашишди. Иштирокчилар мавзуга доир қисқа музокаралар ўтказишди.

Беруний Алимов бугун тўғри ва нотўғри ахборотлар урчиган даврда журналистлар нималарга эътибор қаратиши кераклиги ҳақида маълумотлар тақдим этди. Шунингдек, медиа муҳитнинг бузилиш оқибатлари, сабабчилари ва буни олдини олишда нималарга аҳамият қаратилиши зарурлиги ҳақида амалий машғулот ўтказди. Сессия бугунги глобаллашув жараёнида сифатли ва ишончли журналистикани асраб қолишда журналистларнинг ўрни ҳақида алоҳида тўхталинди.

Тожикистонлик тажрибали журналист, тренер Жамшид Маъруф тренинг иштирокчиларига факт билан ишлан, фактни текшириш ва таҳлил қилиш бўйича алоҳида сабоқларни улашди. Бунда фойдаланиш мумкин бўлган сайтлар, факт билан ишлаш малакаси ҳақида кўникмаларини амалий бажариб кўрсатди.

Ноодатий форматда уюштирилган ўқув амалиётида медиа саводхонликни оширишга қаратилган бири-биридан қизиқ дарслар ташкил этилди. Шу билан биргаликда бевосита иштирок этаётган Ўрта Осиё журналистлари ўз мамлакатлари тарихи, маданияти ва алоҳида ажралиб турадиган урф-одатлари ҳақида маданият кечаси уюштириш имконияти берилди. Бунда қозоқ, ўзбек ва тожик маданият кунларида иштирокчилар қардош мамлакат қадриятлари ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлди.

Ташкилотчилар томонидан журналистларга бир кун давомида Олмаота бўйлаб сайр қилиш имкони берилди. Бунда иштирокчилар шаҳарнинг диққатга сазовор манзиларида бўлишди. Кинотеатр, музей, Кўк-тўбе тепалиги...

Маҳаллий журналистларнинг айтишича, айнан Кўк-тўбе тепалигига чиқмаган киши Олмаотага келмаган саналар экан.
Беш кунлик ўқув машғулотларини ўзида жамлаган Media Camp Эвросиё Жамғармаси ва USAID ёрдамида, Бизнес-Психология-Медиа Ассоциация ва Янги медиа таълим маркази ҳамкорлигида ўтказилди.

Олмотадан йўлга чиққан поезд тушга яқин Тошкентга кириб келди. Ўзбек ва тожик журналистларини пойтахт шаҳар ёмғирлари билан кутиб олди.
Дилобар Аслиддин қизи,
журналист
Тошкент-Олмаота-Тошкент