Суднинг курсисида мулзам ҳолда ўтирган Сардорнинг виждони олдида бир қатор надоматлар саф тортган. Балки.... автомашина бошқараётганимда йўл ҳаракати қоидаларига тўла риоя этганимда, ҳаракатланаётганимда ҳаёлим жамланган бўлганида, тезликни эмас, хушёрлигимни ошириб юрганимда эди балки...

“Сўнги пушаймон ўзинга душман” деганларидек, пушаймонлардан асло фойда йўқ.

Транспорт воситаларининг кўпайиб бориши бу, ҳайдовчилар учун янада кўпроқ масъулият деганидир. Йўл ҳаракати қоидалирига қатъий амал қилиш, йўлларда юрганда ўта ҳушёрлик билан ҳаракатланиш мусибат ва ҳодисалардан асрайди.

Ўзининг юмушлари билан ишга шошаётган Сардор Жамолов (исм шарифлар шартли) ҳам ана шу тартиб-тамойилларни бир дамга бўлсин чекламаганда эди, балки бир инсоннинг ўлимигиа сабабчи бўлмаган, бир умрлик виждон азобига қолмаган бўларди. У ўша машъум куни йўлдан ўтиб бораётган пиёда, 2 нафар фарзандларнинг онаси, Зиёда Ражабовани уриб юбориб оғир тан жароҳати етказади.

Табиийки савол туғилади хўш, ҳайдовчи С.Жамолов амалдаги "Йўл ҳаракати қоидалари"нинг қайси талабларини бузган?

Албатта, Сардор жабрланувчи аёлни шифохонага етказиб, зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилишига эришади, аммо... Йигирма кун икки олам оралиғида жон талашиб ётган аёлни сақлаб қолиш имкони бўлмайди.

 Оилага келтирган мусибат учун тиббий (моддий), руҳий, маънавий зарарларини қоплаб, айбдор сифатида уларнинг ёнида бўлишга уринган Сардор афсуски минг уринганда ҳам бир инсон ҳаётини қайтариб беришга қодир эмас!

Суд, Сардор Жамоловга оид жиноят ишини ўрганар экан, жабрланувчи ҳамда унинг оиласига кўрсатган ёрдами, қилмишидан чин дилдан пушаймонлиги, кейинги даврда ҳам мусибат кўрган оилага моддий-маънавий ёрдам бериб бориши, унга нисбатан жарланувчи вакилининг ҳеч қандай даъвоси йўқлиги ва бошқа омилларни эътиборга олган ҳолда ҳукм чиқарди.

Ҳеч бир инсон бу каби “қарздорлик”нинг бошига тушишини истамагани ҳолда, айтиш жоизки, ҳаракатланиш пайтидаги ягона талаб –  йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилиш барча ҳайдовчилар ва албатта пиёдаларнинг ҳам  бурчидир!  

 Дилмурод Мадаминов,

Жиноят ишлари бўйича Поп туман суди раиси