Олий Мажлис Сенати ҳамда Конрад Аденауэр номидаги Жамғарма ҳамкорлигида "Мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари" мавзусида халқаро онлайн конференция бўлиб ўтди. Унда Сенат аъзолари, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) экспертлари ва бошқа халқаро ташкилотлар, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок етди.

— Озиқ-овқат тизимларини ўзгартириш 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг марказида ва Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришиш учун жуда муҳимдир, — деди Марказий Осиё бўйича ФАО суб-минтақавий координатори Виорел Гуту. — Ўзбекистон расмий озиқ-овқат назорати тизимини такомиллаштиришни режалаштирар экан, унинг тизимларини баҳолашда ФАО-ЖССТ воситасини қўллашни таъкидлар эдим. Бу кучли томонларни баҳолаш ва такомиллаштиришга муҳтож соҳаларни аниқлаш учун фойдали манба бўлиши мумкин. Ушбу воситадан фойдаланиш озиқ-овқат хавфсизлиги назорати учун масъул вазирликларга озиқ-овқат назорати тизимини мустаҳкамлаш йўллари ҳақида умумий тасаввурни ривожлантириш имконини беради.

Таъкидланганидек, озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш борасида сўнгги йилларда ижобий натижаларга эришилди. Биргина томорқалардан унумли фойдаланиш, алмашлаб экиш, ердан 2-3 марталаб ҳосил олишнинг йўлга қўйилиши натижасида маҳсулотлар аҳолининг эҳтиёжларидан ортиб маҳаллий ва дунё бозорларигача чиқарилмоқда.

Бундан ташқари, мева ва сабзавотни қайта ишлаш корхоналарининг ишга туширилиши экспорт салоҳиятига ижобий таъсир кўрсатди. Бироқ энди жаҳон бозорига чиқишни бошлаш биланоқ етиштираётган озиқ-овқат маҳсулотлар халқаро талабларга жавоб бериши лозим.

Аҳолининг хавфсиз овқатланиш тизимини такомиллаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш масалаларига қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Бироқ қабул қилинган ҳужжатларга қарамасдан аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш тизимида қатор муаммолар мавжудлиги конференция иштирокчилари томонидан қайд этилди.

Конференцияда хорижий мутахассисларнинг озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тизимлаштириш, соҳа ҳуқуқий асосини такомиллаштириш бўйича тавсиялари, қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги кўрсаткичларини таҳлил қилиб бориш борасидаги фикрлари эшитилди.

ФАО озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича эксперт Мари Кенни (Венгрия) «Халқаро озиқ-овқат стандартлари бўйича: Алиментариус Кодекси» тақдимотини ўтказди. Алиментариус Кодекси ёки Озиқ-овқат Кодекси ўз навбатида, Кодекс Алиментариус Комиссияси томонидан тасдиқланган стандартлар, кўрсатмалар, нормалар ва қоидалар тўпламидир. Комиссия қўшма ФАО/ЖССТ озиқ-овқат стандартлари дастурини амалга оширишда марказий рол ўйнайди. У ФАО ҳомийлигида ва истеъмолчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш ва озиқ-овқат маҳсулотларида адолатли савдо амалиётини тарғиб қилиш мақсадида яратилган.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича тавсиялар қабул қилинди.