Тошкент Давлат Аграр университетида “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” (CACILM-2) минтақавий лойиҳаси доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) кўмагида ташкил этилган янги географик ахборот тизимлари (ГИС) лабораториясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Янги ГИС лабораторияси энг замонавий компьютерлар, сервер (маълумотлар маркази), плоттер (тупроқ хариталарини чоп этиш қурилмаси) ва GPS қурилмалари билан жиҳозланган.
Очилиш маросимида Тошкент Давлат Аграр университетининг ректори, академик Ботир Сулаймонов, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Алишер Шукуров ва ФАО-ГЭФ CACILM-2 лойиҳасининг минтақавий координатори Maҳмуд Шоумаров сўзга чиқдилар. Маросимдан сўнг мутахассислар янги лабораториянинг мақсад ва вазифалари, шунингдек, унинг ишлаш принциплари бўйича тақдимотлар ўтказишди. Талабалар, аспирантлар ва университет ходимлари энг янги технологиялар билан жиҳозланган янги лабораториянинг имкониятлари билан таништирилди.
— ГИС лабораториясини яратишдан университетга ер, ўрмон, сув ресурслари ва иқлим ўзгариши жараёнларини хариталаш соҳасида юқори малакали кадрлар ва мутахассислар тайёрлашда кўмаклашиш, республикада қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича ахборот-консалтинг хизматларини ривожлантириш давлат дастури ижросига ҳисса қўшиш, шунингдек, БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ва БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенцияси доирасида лойиҳаларни амалга ошириш учун техник кўмак кўрсатиш каби мақсадлар кўзланган. Умид қиламизки, ўқитувчилар, аспирантлар ва университет талабалари, шунингдек, фермерларимиз ва ер фойдаланувчиларимиз ГИС технологияларини фаол ўрганадилар ҳамда фойдаланадилар ва табиий ресурсларнинг деградациясини хариталаш ва таҳлил қилиш учун амалиётда кенг қўллайдилар, — дейди ФАО-ГЭФ CACILM-2 лойиҳасининг минтақавий координатори Маҳмуд Шоумаров.
Геоахборот технологиялари ерларнинг деградация жараёнларини баҳолаш ва хариталаш, тупроқлар ҳолатини таҳлил қилишнинг самарадор ва тезкор ахборот тизимларини яратиш, тупроқ хариталаш ишларини, анъанавий хариталаш усулларини замонавий компьютерлаштириш, тадқиқ этиладиган ҳудуд тўғрисида тез ва сифатли маълумот олиш, геоахборот технологияларини қўллаган ҳолда масофадан зондлаш маълумотларига ишлов бериш орқали кўп йиллик мониторинг ишларини олиб боришга доир илмий-тадқиқотларни амалга оширишда бир қатор имкониятлар яратади ҳамда ер деградациясини бартараф етиш (LDN) бўйича лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради. Шундай қилиб, географик ахборот тизимлари ва фазовий маълумотларни таҳлил қилиш илмий тадқиқот олиб боришнинг зарурий воситаларидир. Шу муносабат билан, лабораториядан талабалар ва амалиётчилар учун ўқув маркази сифатида ҳамда тадқиқот мақсадларида фойдаланилади.
— Инновацион технологияларни жорий этиш замон талабидир. Замонавий географик ахборот тизимлари (ГИС) тадқиқотларнинг барча соҳалари учун зарурий восита бўлиб, ҳам илмий, ҳам ишлаб чиқариш мақсадларида олиб борилади. Бу йўналишда талабалар учун ҳам, мутахассислар ва фермерлар учун ҳам катта имкониятлар очаётган янги ГИС лабораториясини ташкил этишда амалий ёрдам берганлиги учун ФАОга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз, — дейди Тошкент Давлат Аграр Университети ректори, академик Ботир Сулаймонов.
Айтиш жоизки, Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида ердан фойдаланишни яхшилаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда табиий ресурсларни комплекс бошқариш бўйича амалиётлар кўламини кенгайтириш CACILM-2 лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши БМТнинг қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ва Иқлим ўзгариши тўғрисидаги асосий конвенциясини амалга оширишга ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Узгидромет Ўзбекистонда лойиҳа ҳамкорлари ҳисобланади.