Ўқув машғулотлари Глобал экологик Фонд (ГеФ) томонидан молиялаштирилган ФАОнинг «Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш» лойиҳаси (CACILM-2) доирасида ташкил этилди.
Тадбирда Уруғчиликни ривожлантириш маркази, Уруғликларни сертификатлаш ва уларнинг сифатини назорат қилиш давлат маркази, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, шунингдек уруғчилик билан боғлиқ бошқа манфаатдор томонлар иштирок этди.
Уруғчилик озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий омили бўлиб, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон ўсимликларининг уруғларини ишлаб чиқариш, йиғиш, қайта ишлаш, сақлаш, сотиш ва ташиш, шунингдек, нав ва уруғларни назорат қилиш билан боғлиқ фаолиятни қамраб олади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан юқори ҳосил олиш ва сифатини оширишда генетик софлигини ва зараркунандаларга чидамлилигини сақлаб қолган ҳолда янги ва савдога қўйилган навларнинг уруғларини етиштириш муҳим аҳамиятга эга.
— Қишлоқ хўжалигининг ушбу тармоғини янада такомиллаштиришда кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг билим ва малакасини ошириш муҳим аҳамиятга эга, — деди лойиҳа миллий менежери Мухаммаджон Қосимов. — Бугунги кунда уруғчиликда фаол иштирок этаётган хусусий сектор вакиллари билан тажриба алмашмоқчимиз. Ўтган тренингларда биз иштирокчиларнинг бизнес режалаштириш, корхона бошқаруви, уруғлик маркетинги каби билимларини оширишга ҳаракат қилган эдик.
Халқаро уруғчилик саноати биринчи навбатда хусусий уруғчилик ширкатлари ва фермерлар ассоциацияси, янги нав селекциячилари, импортёрлар, экспортчилардан иборат. Хорижий тажриба кўрсатганидек, хусусий секторнинг ривожланиши ҳосилдорликни ошириш ва уруғчиликни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Тренинглар давомида уруғчилик саноатини тартибга солувчи амалдаги миллий Қонунчилик ва халқаро нормалар ҳақида умумий маълумот тақдим этилди. ФАО томонидан амалга оширилган уруғчилик лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, уруғлик сифатини таъминлаш тамойиллари, далада текшириш методологияси ва унинг уруғлик сифатини таъминлашда қўлланилиши, Халқаро уруғларни синаш ассоциацияси (ISTA) стандартлари ва бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.