Тошкент вилояти — Юқори Чирчиқ туманида жойлашган Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими (АКИС) миллий марказида ФАО ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Барқарор Ривожланиш Мақсадларини амалга ошириш ва уларни мониторинг қилишда миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш” лойиҳасининг якунланишига бағишланган  давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда ФАО экспертлари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

 Ўзбекистон дунёнинг бошқа мамлакатлари каби 2030 йилгача бўлган давр мобайнида барқарор ривожланиш кун тартибига содиқлигини тасдиқлаган ва миллий даражада Барқарор Ривожланиш Мақсадларига (БРМ) эришиш шартларини қабул қилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги қарори билан 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар ҳамда уларга эришиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланган.

БРМнинг Ўзбекистонда амалга оширилиши “2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўла мос келади. БРМ миллий ва ҳудудий ривожлантириш стратегияларига, шунингдек, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожланиши конецепциясига ҳам киритилган.

— Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 2030 йилгача бўлган даврда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларининг муҳим роли ва ҳиссасини ҳисобга олган ҳолда Барқарор Ривожланиш Мақсадларига эришишни тезлаштиришга ёрдам берди, — деди ФАОнинг Ўзбекистондаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров. — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ва бошқа тегишли муассасаларнинг БРМни тармоқларни ривожлантириш стратегиялари, дастурлари ва бюджетга татбиқ қилиш, шунингдек БРМ бўйича ҳисоботларни тайёрлаш бўйича имкониятлари кенгайди. Бундан ташқари, БРМ кўрсаткичлари бўйича мониторинг ва ҳисоботлар соҳасидаги мавжуд салоҳият мустаҳкамланди.

Тадбирда БРМга эришишда устувор йўналишларни белгилаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда давлатнинг роли, озиқ-овқат хавфсизлиги дастурини амалга оширишнинг гендер жиҳатлари ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг БРМга алоҳида эътибор берган ҳолдаги Стратегияси ҳақида маърузалар тингланди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда фермер ва деҳқонларни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дастурини амалга оширишга жалб этиш, хусусий компанияларнинг Ўзбекистонда БРМга эришиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дастурини бажарилишига ҳиссаси масалалари муҳокама қилинди.