Юртимиздаги қулай тадбиркорлик муҳити ҳаётимни ўзгартириб юборди. Амалдаги имкониятлардан фойдаланиб, ўз бизнесимни йўлга қўйганимга ҳали кўп вақт бўлмади. Асосан, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Дастлаб 30 ишчи билан бошлаган фаолиятимиз кенгайиб, ҳозир ишчилар сони 300 нафардан ошди. Бундан ташқари, яна 300 дан кўпроқ хотин-қизга уйида ўтириб, касаначилик билан шуғулланиши учун шароит яратиб берганмиз. Қўл меҳнати билан тайёрланган қўлқоп, пайпоқ, рўмол, бўйинбоғларни ички бозордан ташқари экспорт ҳам қиляпмиз.
Бугун фаолиятимизни янада кенгайтириш устида ўйлаяпмиз. Яқинда Озарбайжонга бориб келдим. Энди Беларусга боришни кўзлаб турибмиз. Мақсадимиз — янги ҳамкорлар топиш, фаолиятимизни ривожлантириш, экспорт ҳажмини ошириш. Бу орқали кейинги йилнинг ўзида яна 50 дан зиёд иш ўрни яратамиз.
Юртимизда йирик тадбиркор бўламан, ҳам оиламга, ҳам жамиятга наф келтираман, дейдиган опа-сингилларимиз кўп. Бунинг учун имконият, имтиёз ва қулай шароит бор. Шундай экан, оз бўлса-да, тажрибага эга тадбиркор сифатида энди иш бошлаётган ёки дилидаги нияти ҳали тилига чиқиб улгурмаган хотин-қизларга ёрдам бериш, орзулари амалга ошишига кўмаклашиш вазифамиз. Тошкент вилоятидаги Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида ишлаётганимиздан мақсад ҳам шу.
Жорий йилнинг ўтган даврида марказимизда 16 минг 500 га яқин хотин-қиз 12 касб бўйича ўқиб, ҳунар эгаллади. Уларнинг 8 мингдан кўпроғи уй шароитида ёки касаначилик асосида иш бошлаб, ўзини ўзи банд қилди. 2000 дан кўпроғи эса тадбиркорлик қилиш мақсадида кредит олди. Қолганлари ҳам ўз йўлини топиш ҳаракатида, тикувчилик, қандолатчилик қилмоқда, бошқа касбларда маҳоратини синаб кўрмоқда. Ахборот технологиялари соҳасида, бухгалтерия каби йўналишларда самарали иш юритаётган хотин-қизларимиз кўп. Табиийки, бу йўналишлар аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантиришда қўл келади.
Хотин-қизлар учун бу борадаги ёрдамни янада кучайтириш асосий мақсадимиз. Шу боис, ўқув курсларини фақат шаҳар, туман марказларида эмас, чекка-чекка маҳаллаларда ҳам ташкил этяпмиз. Ҳозир вилоятимизнинг 60 га яқин маҳалласида шундай ўқув курслари, тўгараклар фаолият кўрсатяпти. Бу имконият ишсиз хотин-қизларни кенгроқ қамраб олиш, уларга касб-ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлашда яхши натижа бермоқда.
Мен маҳаллий кенгаш депутати сифатида ҳам бу борадаги ишларни тизимли ташкил этишга ҳаракат қиламан. Аҳоли билан учрашув ва мулоқотларда, энг аввало, оилаларда, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаб, ечимини топишга киришамиз.
Албатта, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари кўмаги жуда зарур. Шунинг учун аёллар бандлиги ва тадбиркорлигини кенгайтириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда турли ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Бу ишларимиз жамиятда тадбиркорлик муҳитини кучайтириш, тўкинлик ва фаровонликка эришишга замин яратади.
Ҳозир хотин-қизлар тадбиркорлиги ҳақида силлиқ гапиряпмиз, эришган ютуқларимиздан ғурурланяпмиз. Буларнинг барчасига мустақиллигимиз туфайли эришганимизни асло унутмаслигимиз керак. Зеро, мустақиллик бизга ватанимизда эмин-эркин яшаш, ҳалол меҳнат қилиб, фарзандларимиз келажаги учун мустаҳкам ва фаровон замин яратиш имконини берди.
Шоҳиста МАДИЁРОВА,
Тошкент вилоятидаги Хотин-қизлар
тадбиркорлик маркази раҳбари