Қабулда ҳамкор ташкилотлар томонидан юборилган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари юзасидан топшириқ ва вазифалар ижроси ҳам кўриб борилди.

Жумладан, Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозаровнинг жорий йил 17 июль кунги Фарғона тумани Хосилот маҳалла фуқаролар йиғини Тоштепа қишлоғидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, ушбу ҳудуддаги 6-умумтаълим мактаби битирувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун тайёргарлик кўришлари масаласи чуқур ўрганиб чиқилди.

Маълумки, ушбу мактаб анклав ҳудудда, туманнинг тоғли паст текисликларида жойлашган. Таълим муассасасида кадрлар етишмаслиги, интернетдан фойдаланиш имконияти етарли эмаслиги, пандемия шароитида ўқув жараёнлари узоқ муддат давом этмаганлиги боис, ҳозирги кунда олий таълим олиш истагида бўлган битирувчилар университетнинг маънавий кўмагига муҳтож.

Ушбу вазиятни чуқур ўрганган университет ректори Б.Шермуҳаммадов қабул давомида битирувчиларнинг ҳар бири, уларнинг ота-онаси ва мактаб директори билан алоҳида суҳбатлашди. Суҳбат жараёнида мактабда таълим сифати, ўқув ва бадиий адабиётлар билан таъминлаганлиги, маънавий фаолият, чет тилларининг ўқитилиш даражаси, ахборот коммуникация, интернет тизими ҳолати ҳам батафсил ўрганиб борилди.

Ректор битирувчиларнинг ота-оналари билан суҳбатлашар экан, ўқувчиларни олий таълим муассасасига кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўришлари учун уларни шу бугундан «оталиқ»қа олишга тайёр эканлигини айтди.

— Ёшларга олий таълимга қадам қўйишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб беришга тайёрмиз, бироқ, энг катта синовдан - тест босқичидан адолатли равишда уларнинг ўзлари ўтадилар, — дейди Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов.

Битирувчиларга чегара ҳудуддан қатнамасликлари, мунтазам туриб ўқишлари учун университет ётоқхонасидан жой ажратилиши, уларга ўзлари танлаган таълим йўналишлари бўйича бепул машғулотлар олиб борувчи университетнинг малакали ўқитувчилари бириктирилиши маълум қилинди. Шунингдек, анклав ҳудуд шароитида таълим жараёнини изга туширишга интилаётган, ёшлар тақдирига масъулият билан ёндашиб, мутасаддилардан кўмак излаётган тажрибали педагог - 6 мактаб директори Х.Мадраҳимовга ректор томонидан университетнинг «фахрий профессори» бўлиш, талабаларга назарий ва амалий билимлар беришда жамоатчилик асосида ҳамкорлик қилиш таклифи билдирилди.

Ёшлар бугуннинг ўзида университет ҳаёти билан танишиб, машғулотлар режасини белгилаб олиш, ётоқхонага жойлашиш учун йўл олдилар.