Ушбу вазифалар доирасида бугун университетда чет тиллари ўқитиш методикасини илғор замон талаблари асосида ташкил этиш, талабаларни хорижий тилларни пухта ўзлаштиришларига эришиш йўлида амалга оширилаётган лойиҳага кўра, Ўзбекистондаги Америка Қўшма Штатлари элчихонаси (мамлакат ташқи ишлар вазирлиги) ҳамкорлигида Америкадан Фарғона водийсига таълим дастурлари асосида юборилган хорижий ўқитувчилар билан учрашув ташкил этилди.

Учрашувда Америка Қўшма Штатлари элчихонасининг маданият ва таълим ишлари бўйича маслаҳатчиси Сара Талалай, Фарғона давлат университетига 10 ой муддатга таклиф этилган “FULBRIGHT” лойиҳаси вакили Кети Раймонд, инглиз тили мутахассиси - лойиҳа вакили Кейт Брижманлар университет ректори Б.Шермуҳаммадов билан самимий мулоқотда бўлдилар. Университетга таклиф этилган мутахассислар чет тили факультети профессор-ўқитувчилари ва шунингдек талабалари билан интенсив машғулотлар ўтказиши ва дарсдан ташқари тўгараклар фаолияти билан шуғулланиши режалаштирилган.

Учрашув чоғида университет ректори лойиҳа вакиллари билан суҳбатлашар экан, Ўзбекистонда олий таълим тизимида амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар, давлатимиз раҳбари ташаббускорлигида соҳани ривожлантиришга қаратилган ишлар борасида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Жумладан, Президентимиз раислигида жорий йилнинг 16 июнь куни ўтказилган олий таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган видеоселекторда белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси доирасида дунёнинг тан олинган ва халқаро рейтинглар рўйхатига кирган олийгоҳлари билан ҳамкорликни кучайтириш, ушбу рейтингларга кириш чораларини ишлаб чиқиш, кафедраларнинг халқаро ҳамкорлар билан ишлашлари учун шароитлар яратиш, нуфузли халқаро олий таълим муассасалари билан илмий янгиликлар алмашинувини йўлга қўйишда бошчилик қилиш, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг хорижий тилларни ўзлаштиришларига имконият яратиш, ахборот-ресурс маркази электрон ресурслар базасини халқаро нуфузли адабиётлар базаси билан уланганлик даражасини кучайтириш ишлари, келгусидаги режалар ўртоқлашилди.