Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қувасой шаҳри бўлими, ДХХ, ИИБ ва ДХХ чегара қўшинларининг 9229-сонли ҳарбий қисми ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда бир гуруҳ шахслар умумий баҳоси 3,2 млрд сўмлик 30 660 дона “Regopen” ва 925 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Фарғона тумани, “Вазиё” МФЙ ҳудудидаги Ўзбекистон ва Қирғиз Республикаси давлат чегараларига тортилган сим тўсиқларни бузиб, контрабанда йўли билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб ўтганлиги аниқланиб, ушбу дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.