Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг 4 кун давом этган Корея Республикасига амалий ташрифи доирасида ўзаро ҳамкорликка оид умумий қиймати 360 миллион доллардан зиёд бўлган 14 та ҳужжат имзоланди.

Қўқон шаҳрида «Hanshin Park City» шаҳарчасини барпо этиш бўйича қиймати 250 миллион долларлик инвестицион келишув, «Posco International» корпорацияси билан қиймати 65 миллион доллар бўлган ҳамкорлик меморандуми, «TMC Global», «Man Sung Chemistry Co., Ltd» ва Фарғона шаҳридаги «Uz-Segang» МЧЖ ўртасида янги турдаги экспортбоп мева-сабзавот турларини ривожлантириш бўйича қўшма корхона ташкил этиш юзасидан 30 миллион долларлик шартнома, «Uz-Segang» МЧЖ ҳамда Кореянинг «Sunfinite Co Ltd» компаниялари ўртасида ҳўл мева-сабзавотларни етказиб бериш юзасидан қиймати 5 миллион доллар бўлган экспорт шартномаси ва имзоланган бошқа муҳим ҳужжатлар шулар қаторида.

Шунингдек, мактабгача таълим соҳасида 2 миллион доллар инвестиция киритиш, Бешариқ туманида лойиҳа қиймати 5 миллион доллар бўлган кўп тармоқли шифохона қуриш, Бағдод туманида 3 миллион доллар инвестиция ҳисобига тиббиёт ниқоблари ва болалар тагликлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича меморандумлар имзоланди.

Вилоят делегацияси Кореяга амалий ташрифини якунлаб Ўзбекистонга қайтиб келди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.