Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қува тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида мазкур ҳолат аниқланган.

Маълум қилинишича, беш нафар фуқаро ўзаро тил бириктириб, ҳеч қаерда расман ишламаган бўлса-да, ўзларини Миллий гвардияга қарашли ҳарбий қисм хизматчилари сифатида кўрсатган.

Улар сохта меҳнат шартномалари ҳамда гўёки иш ҳақи олгани ҳақида маълумотномалар тайёрлаб, тижорат банкининг Қува тумани филиалига тақдим этган. Шундан сўнг ушбу ҳужжатлар асосида банкдан 428,8 миллион сўм кредит маблағи олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.