Жорий йил сентябрь ойи ўрталарида Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 22, 39-сонли ва Марғилон шаҳридаги 16, 24-сонли МТМда тарбияланувчилари овқатдан заҳарланган эди.  

Мазкур ҳолатларни Бола ҳуқуқлари бўйича вакил жойига чиқиб ўрганган. Таҳлилий маълумот тайёрланиб, юқоридаги каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида тавсиялар ишлаб чиқилган ва тегишли давлат идораларига, хусусан Бош прокуратурага юборилган.  

Фарғона вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Марғилон шаҳри ва Олтиариқ туман прокуратураси томонидан тергов олди текширув ҳаракатлари ўтказилган.  

Хусусан, Марғилон шаҳридаги 16 ва 24-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида 18 нафар тарбияланувчиларни озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланганлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, мазкур ҳолатда бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган деган сабаб билан 18 октябрь куни шаҳар прокуратураси терговчиси томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.  

Бироқ мазкур қарор иши ҳужжатлари бўйича тўлиқ текширув ҳаракатлари олиб борилмасдан, барвақт қабул қилингани аниқланиб, 26 октябрда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бориш учун туман ИИБ Тергов бўлимига юборилган.  

22 ҳамда 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тўпланган ҳужжатлар асосида ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосаларига кўра, 45 нафар тарбияланувчи озиқ-овқат ва сут маҳсулотидан енгил даражали ўткир заҳарланиши, бу белги енгил шикастлар тоифасига кириши аниқланган.  

Юқоридагиларга кўра, тумандаги 22 ҳамда 39-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида санитарияга оид қонунчиликни бузилиши одамларнинг оммавий касалланиши ва заҳарланишига олиб келгани сабабли 14 октябрь куни Олтиариқ туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.  

Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.