Кўҳна ва ҳамиша навқирон Ҳўқанди Латиф! Бу гўзал ифода ва таъриф мана неча асрдан буён жаранглаб келмоқда. Қўқон ҳақида гап кетганда, аввало, унинг ўзбек давлатчилиги тарихида тутган ўрни ва роли эсланади. 150 йил давом этган хонлик даврида Қўқон гоҳ иқтисодий, гоҳ сиёсий, гоҳ маданий жиҳатдан тараққий этган, ёки, аксинча, кўп соҳаларда анча пасайган ҳам. Лекин ҳамма давларда ҳам моҳир ҳунармандлари, шоиру фозилларининг номи етти иқлимда машҳур бўлган.

Биз, қўқонликлар, кейинги йилларда юртимизнинг турли гўшаларида катта кўтаринкилик билан ўтказилиб келинаётган халқаро мақом, ипак ва зираворлар, бахшичилик фестивалларини кузатиб, азим шаҳримизда ҳам бир фестивал ўтказилса, маданиятимизни, санъатимизни, ҳунармандчилигимизни жаҳонга кўз-кўз қилардик, дея орзулаган эдик. Яхши ният яхши экан, давлатимиз раҳбари Қўқонга жаҳон ҳунармандлари шаҳри деган шарафли номни бердилар. Ҳар икки йилда шаҳримизда фестивал ўтказиладиган, биз эса ниятлаганимизни дунёга тақдим этадиган бўлдик.

Адабиётшуносликда Хирот адабий муҳитидан кейин Қўқон адабий муҳити алоҳида эътироф этилади. Мазкур муҳитнинг ўзига хос жиҳатларидан бири ушбу даврда бадиий ижод майдонида ўзбек тилининг мавқеи ошган. Форс-тожик форс-тожик ҳамда туркий шеърият услубларининг синтези вужудга келган. Шунингдек, аёллар шеърияти пайдо бўлган. Ўзбек тилида тамсилий ва эпик жанрлардаги асарлар ҳам яратила бошланган. Қолаверса, китобат ва таржимачилик жонланган, ўзбек тилидаги асарлар кўп нусхада кўчирилган ва котиблар рағбатлантирилган. Темурийлар давридаги анъаналар қайта тикланган. Буларнинг барчаси “Амирий” тахаллуси билан гўзал шеърлар ёзган ҳукмдор Умархоннинг саъй-ҳаракати туфайли амалга ошгани унинг ўзбек маданияти тарихида маънавият ва маданиятни юксалтирган шахс эканлигидан далолат беради. Умархон сиёсий, маърифий ва адабий фаолияти билан ўзбек давлатчилиги, маданияти ва адабиёти тарихида ноёб ҳодиса ҳисобланади. Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий замонидан сўнг таназзулга юз тутган илм-маърифат ва маданий ҳаёт айнан Умархон Амирий ва унинг рафиқаси Нодирабегим замонида янада жонланиб, миллий адабиётимиз янги номлар ва асарлар билан бойиган.

Сўнгги йилларда маданиятимиз ва адабиётимизга эътиборнинг кучайиши аждодларимизнинг бадиий тафаккури қудрати, теран заковати, буюк истеъдоди билан яратилган безавол меросни миллат ва Ватан манфаатлари нуқтаи назаридан холис, ҳаққоний ўрганиш ва кенг тарғиб этиш вазифасини юклайди. Зеро, адабиёт, Президентимиз таъкидлаганларидек, “жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга”дир. Бу масъулият миллий маънавиятимизнинг ривожланиш босқичида муҳим ўрин тутган, мумтоз сўз тарихида алоҳида ҳодиса саналган Қўқон адабий муҳити намояндалари ижодини ўрганишга ҳам тааллуқли. Умархон даврида Қўқонда юзлаб шоирлар ижод қилганлар. Махмур, Гулханий, Маҳзуна, Мушриф, Музниб, Вазир, Маҳзун, Мунший, Зоҳид, Мужрим, Гулшаний, Тоиб, Ошиқ, Нусрат, Аҳрор, Нодир, Диловар, Жалолий, Азимий, Вафоий, Маъдан, Ғозий, Рамзий, Шарифий, марғилонлик Увайсий, наманганлик Фазлий каби ўша давр шоирларининг кўпчилиги Шарқ мумтоз сўз санъатининг забардаст намояндалари ижодини чуқур мутолаа қилганлар. Улардан маҳорат сирларини ўрганган, шеърият қонун-қоидаларини яхши ўзлаштирган истеъдодли ижодкорлар бўлишган. Бу номларнинг кўпчилиги кенг жамоатчиликка ҳали маълум эмас. Ҳолбуки, улар мумтоз адабиёт тарихида мавжуд анъаналарни ўз даври шароитида давом эттирибгина қолмасдан, поэтик мазмунни бойитишга ҳам хизмат қилганлар. Мазкур шоирларнинг нафақат Қўқон адабий муҳитидаги балки ўзбек мумтоз сўз санъати тараққиётидаги ўрнини белгилаш, илмий ва кенг жамоатчиликка тақдим этиш, янги илмий тадқиқотлар учун йўл очиш, шоирлар ижодиёти асосида ёшларда миллий маънавий мерос ва қадриятларга ҳурмат ва миллий ғурурни юксалтириш зарурияти бир қатор тизимли ишларни амалга оширишни тақозо қилади.

Президентимизнинг 2020 йил 20 май куни Тошкент шаҳрида бунёд этилган Адиблар хиёбонига ташрифи доирасида берган топшириқлари ва мазкур масалага бағишланган мажлис баённомасида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Атоқли адиблар ва мутафаккирларимиз ижодий меросини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш ҳамда Адиблар хиёбонидан самарали фойдаланиш чора тадбирлари тўғрисида”  қарорида, шунингдек, 2020-йил 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи доирасида қилган маьрузаларида миллий адабиётни ривожлантириш, мумтоз ва замонавий адабиётимиз дурдоналарини чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш масаласи алоҳида вазифа қилиб белгиланди.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи ҳисобланган ҳозирги тарихий шароитда адабиётшуносликка ҳам эътибор кучайиши табиий. Халқни, келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш ёш авлодни янги даврга муносиб қилиб тарбиялашда бадиий адабиётнинг ўрни катта. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг, “Адабиётсиз иқтисодиёт ҳам, маънавият ҳам бўлмайди”, деган сўзлари кейинги йилларда адабиётга қанчалик катта эътибор берилаётганлигига яққол мисолдир. Бу бежиз эмас. Бугун глобаллашув бутун Ер сайёрасини қамраган жаҳоний жараён сифатида кечмоқда. Маданиятлар, қадриятлар тобора яқинлашиб боряпти. Ана шу жараёнларда ўзбек халқини, айниқса, ўсиб келаётган ёшларни ўз қадриятларига, тилига, маънавиятига содиқ, ғурури баланд миллат сифатида сақлаб қолиш учун ҳам бугун адабиёт керак. Зеро, Чўлпон ўтган аср бошида айтган формула ҳамон ўз кучида: “Адабиёт яшаса – миллат яшайди!”

Айтиш мумкинки, бугун шиддат билан ўзгараётган мураккаб замонда одамларнинг қалбига йўл топиш ва уларни эзгу мақсадлар сари илҳомлантиришда адабиётнинг ҳаётбахш кучига ҳар қачонгидан ҳам катта эҳтиёж сезилаётганлиги ҳам Қўқонни Фарғона вилоятининг маданий марказига  айлантириш заруратини тақозо қилади. Чунки Қўқон азал-азалдан санъатга, адабиётга, такрорланмас ҳунармандчиликка бешик бўлган маскан. Қўқон адабий муҳити ҳақида гап кетганида 300 дан зиёд ижодкор номи саналади. Лекин уларнинг кўпчилиги ҳақида деярли ҳеч бир илмий тадқиқотлар яратилмади. Белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти филолог  олимлари Қўқон адабий муҳити веб-сайтини яратишга бел боғлашган.  Қўқон  адабий  муҳити  ва  унинг  вакиллари  ижодини  бугунги  кун талаблари  асосида  тарғиб  этишга  қаратилган  материалларни тадқиқ  этиш ва улар асосида илмий нашрлар амалга ошириш, Қўқон адабий муҳити антологиясини яратиш жуда муҳим деб ҳисоблаймиз. Бу жараёнда адабий  муҳит  ижодкорлари  ҳаёти  билан  боғлиқ  тарихий воқелик,  адабий  меросининг  ғоявий-бадиий  хусусиятлари илмий тадқиқот, аудио ва видео материаллар орқали намойиш этилади. Қўқон тарихи, маданияти  ва  тараққиётига  оид  адабий-тарихий  ва меъморий  ёдгорликлар  намуналарини веб-сайт  орқали  намойиш  этиш ва бу орқали мамлакатимиздаги ички, ташқи туризм ишларига кўмаклашиш, ижодкорлар  адабий  меросини  тарғиб  қилишга қаратилган  IоS  ва  Android  платформалари  учун  илова  дастурлари  яратилади. Улар  орқали  мумтоз  адабиётимизда акс этган  миллий  ва  умумбашарий  қадриятлар кенг тарғиб қилиш, “Алишер Навоий ва Қўқон адабий муҳити” мавзусида халқаро миқёсда анжуман ўтказиш ва  Қўқон адабий муҳити шоиралари ижодиёти мисолида бутунжаҳон аёллар шеърияти конгрессини ўтказиш бўйича режаларимиз ҳам бор. Уларни амалга оширишда, Қўқонни маданият марказига айлантиришда бор салоҳиятимиз, илмимиз ва ғайратимизни сафарбар этамиз.

Зебо ҚОБИЛОВА,

Қўқон давлат педагогика институти

 ўзбек тили ва адабиёти факультети декани,

филология фанлари доктори