Эски аэродом ҳудудидан 150 метрлик муҳофаза зонаси қолдирган ҳолда 24 минг ишчи ўрни яратиладиган кичик саноат ҳудуди жойлаштириладиган, сўнгра 10 гектар майдондан иборат яшил ҳудуд билан қопланиб, 40 минг аҳолига мўлжалланган 7-25 қаватли 313 та кўп қаватли турар-жойлар ва ижтимоий объектлар билан давом этадиган Экошаҳар лойиҳаси жами 300 гектар майдонда амалга оширилади.
Вилоят ҳокими, лойиҳани такомиллаштириш юзасидан ўз фикрларини билдириб, шаҳарчага келадиган асосий йўлларни келажакда ҳам етарли кенгликда бўлишини, қурилиши режалаштирилаётган мактаб, боғча ҳамда бошқа ижтимоий объектларнинг кутилаётган аҳоли сонига мутаносиб хизмат кўрсата олиши лозимлигини, саноат ҳудудида жойлаштириладиган ишлаб чиқариш корхоналарининг экошаҳар концепциясига уйғун шаклда экологик тоза технологияларга асосланган бўлишини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди.
Хайрулло Бозоров, масъулларга ушбу шаҳарчанинг ўртасидан оқиб ўтиши режалаштирилган канални қазиш ишларига киришиш, шаҳарчадаги яшил майдон ҳудудларини режасини белгилаб, Экошаҳарнинг ободонлаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш, бунда яшил майдонлар ва дарахтзор орасида сайр қилиш ва велоспорт билан шуғулланиш учун йўлакчалар бўлишини ҳисобга олиш, кичик саноат ҳудудини 50 сотихдан лотларга ажратиб, ташаббускорларни аниқлаш ҳамда онлайн аукцион орқали савдога чиқариш ва бошқа топшириқларни белгилаб берди.