Университет ҳудудида 360 ўринга мўлжалланган янги турар жой фойдаланишга топширилди. Маросимда кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Мазкур иншоот талабалар учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида барпо этилган бўлиб, барча зарур жиҳозлар ва замонавий инфратузилма билан таъминланган. Хоналар ёруғ ва шинам, ўқиш ва дам олиш учун алоҳида жойлар ташкил этилган.
Таъкидлаш жоизки, университет ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов ўқув йили бошида иқтисодиёт факультети талабалари билан учрашувда турар жой масаласига алоҳида эътибор қаратган эди. Қисқа фурсат ичида ушбу ташаббус амалда ўз ифодасини топиб, янги турар жой талабалар ихтиёрига топширилди.
- — Бу турар жойнинг очилиши талабалар учун қулай ва замонавий шароит яратишда муҳим қадам бўлди. Биз ҳар доим талабаларнинг таълим ва яшаш муҳитини яхшилашга эътибор қаратамиз. Бу иншоот уларнинг илмий ва ижодий фаолиятини ривожлантиришда катта имконият яратади, — деди Фарғона давлат университети ректори Баҳодиржон Шермуҳаммадов.
Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди. У билим олишнинг аҳамияти, мақсад сари интилиш, вақтни қадрлаш ва машаққатларга сабр билан ёндашиш ҳар бир ёшнинг ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Шунингдек, университет жамоасини капитал таъмирланган ва замонавий шароитларга эга бўлган талабалар турар жойи очилиши билан табриклади.
- — Ёшлар давлатимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлардан самарали фойдаланиб, билим олишлари ва илмий ҳамда ижодий салоҳиятларини ривожлантиришлари зарур. Шу орқали келажакда ўз мутахассислигининг устаси бўлган масъулиятли авлод камол топади деди, — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров.
Ташриф давомида вилоят раҳбари факультет инфратузилмаси, яратилган имкониятлар ҳамда аграр қўшма факультет талабаларининг дуал таълим олиши учун халқаро ҳамкорлик доирасида ташкил этилган “ақлли иссиқхона” фаолияти билан ҳам танишди.
Тадбирда талабалар ҳам сўзга чиқиб, таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва яратилаётган шароитлар туфайли эришган ютуқлари, илмий ва ижодий изланишлари ҳақида фикр билдирдилар ҳамда бундай очиқ мулоқотлар келгусида ҳам давом этишига ишонч билдиришди.
Маълумот ўрнида, жорий ўқув йилида университетнинг бир қатор талабалари юқори давлат стипендияларига сазовор бўлишди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд ва Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендиялари, шунингдек, 14 нафар талаба Алишер Навоий номидаги давлат стипендиясини қўлга киритди.
Зулхумор Акбарова