Бу ҳақда вазирлик маълум қилди.
Қайд этилишича, тендер натижаларига кўра, энг паст молиявий таклифни тақдим этган ва барча техник талабларга жавоб берган «Vision International Investment Company» (Саудия Арабистони) ҳамда «Koc Construction Mekanik Elektrik» МЧЖ (Ўзбекистон) консорциуми ғолиб деб топилди.
Эндиликда ғолиб компания 30 кун ичида Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тегишли шартномани имзолаши лозим.
Шартнома шартларига мувофиқ, инвестор Фарғона вилоятида халқаро стандартларга мос келувчи 800 ўринли шифохонани уч йил ичида лойиҳалаштириши, қуриши, молиялаштириши ҳамда замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаши шарт. Мазкур тиббиёт мажмуаси Фарғона водийси ва унга туташ ҳудудлар аҳолиси учун кардиожарроҳлик, нейрохирургия ва орган трансплантацияси каби юқори технологияли учинчи даражали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратади.
Бу, ўз навбатида, мавжуд ихтисослаштирилган муассасаларни бир том остида бирлаштириш орқали ресурслар самарадорлигини оширади ва беморларнинг даволаниш учун бошқа ҳудудларга ёки хорижга чиқиш заруратини камайтиради.
Ушбу лойиҳа соғлиқни сақлаш соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигининг пилот намунаси бўлиб, келгусида мамлакатнинг бошқа минтақаларида ҳам шу каби тиббиёт мажмуаларини барпо этиш учун модель бўлиб хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, тендер жараёнида Франция, Туркия, БАА ва Кувайт каби давлатларнинг йирик глобал компаниялари иштирок этди. Иштирокчилар учун қўйилган талаблар қатъий бўлиб, уларнинг иш тажрибаси, молиявий кўрсаткичлари ва ходимлар малакасига алоҳида эътибор қаратилди.