Олимпиада қатнашчилари дастлаб Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкали пойига гул қўйиб, дунё илм-фани тараққиётига катта ҳисса қўшган бобокалонимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатди.
Икки кун давом этадиган олимпиадада Ўзбекистон, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Уммон давлатларидан 140 нафарга яқин 9-11 синф ўқувчилари иштирок этади. Шунингдек, Туркия, Малайзия, Миср, Озарбайжон каби 12 та давлатнинг вакиллари олимпиадада онлайн қатнашиб, ўз билимларини синовдан ўтказади. Уларни халқаро миқёсдаги тажрибали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб боради.
Шуниси эътиборлики, бир неча асрлар давомида аниқ ва табиий фанлар Ўзбекистон заминида кенг ривожланиб, Марказий Осиё ҳудуди дунё интеллектуал маркази бўлиб келган. Юртимиз ҳудудида юзага келган биринчи ва иккинчи Ренессанс даври бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий, Абу Али ибн Сино, Насриддин Тусий, Қозизода Румий, Жамшид Коший, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи ва шарқнинг бошқа олимлари илмий тадқиқотлари жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса бўлди. Бугунги кунда буюк аждодларимизнинг муносиб издошларини тарбиялаш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсадида аниқ фанларни ёшларга ўргатиш борасида бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Мактаб ўқувчилари ўртасида халқаро олимпиаданинг илк бор ташкил этилиши ҳам уларнинг физика фанига бўлган қизиқишини ва билимларини мустаҳкамлаяпти.
Анжуманда айни жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Халқаро олимпиада 13 ноябргача давом этади.