Мазкур ҳолат вилоят божхона бошқармасининг «Равот» чегара божхона постида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган.
Қўшни давлатдан кириб келган фуқаро бошқарувидаги «Ласетти» русумли автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган. Текширув жараёнида божхона назоратининг техник воситалари ёрдамида автомашинанинг ёқилғи бакида шубҳали жисмлар мавжудлиги маълум бўлди.
Шундан сўнг, қонунчилик талабларига мувофиқ ҳолда ва холислар иштирокида ёқилғи баки очиб кўрилганда, унга 6 945 дона «Рояль» номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳамда уч турдаги гиёҳвандлик моддалари яширилгани фош этилди. Жумладан, 10 килограмм 739 грамм «гашиш», 412 грамм «марихуана» ва 35 грамм «опий» — жами 11 килограмм 186 грамм гиёҳвандлик воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Суриштирувлар давомида аниқланишича, ҳайдовчи ушбу наркотик моддаларни тожикистонлик шахснинг топшириғига кўра, 2 минг АҚШ доллари эвазига давлат божхона чегараларидан олиб ўтиб, ўз уйи ҳовлисидаги боққа кўмиб қўйиши, кейинчалик эса буюртма берувчи томонидан олиб кетилиши режалаштирилган бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, 2025 йил давомида республика божхона органлари томонидан 1,8 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, жумладан синтетик наркотик моддаларнинг давлат чегаралари орқали олиб ўтилиши ҳамда ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 1,8 баробарга ошган.
11 килограмм оғу — бу минглаб ёшларни гиёҳвандлик гирдобига тортиши, оғир ижтимоий оқибатлар ва бошқа жиноятларга сабаб бўлиши мумкин эди. Божхона ходимларининг ҳушёрлиги ва тезкорлиги туфайли эса кўплаб оилалар бошига тушиши мумкин бўлган кулфатларнинг олди олинди.