Форумнинг мантиқий давоми сифатида Фарғона давлат университетида “Дўстлик стелласи – қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва стратегик шериклик рамзи” мавзусида илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Анжуманда соҳа вакиллари, олимлар, талаба-ёшлар ҳамда хорижий меҳмонлар иштирок этмоқда.
Тадбирда минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илм-фан орқали дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда сўзга чиққан Фарғона давлат университети ректори Баҳодир Шермуҳаммадов мазкур форумнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди:
“Бугун биз шунчаки илмий-амалий конференция эмас, балки қалбимизни қувонтирувчи улуғвор бир қардошлик тантанаси гувоҳига айланмоқдамиз,” деди ректор.
Ректор таъкидлаганидек, “Дўстлик стелласи” нафақат меъморий иншоот, балки халқлар ўртасидаги кўп асрлик тарихий, маданий ва маънавий яқинлик, ўзаро ҳурмат ва ишончнинг ёрқин тимсолидир. Унинг фикрича, бу каби ташаббуслар минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, анжуманда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ ва узоқни кўзлаган сиёсат натижасида қўшни ва ҳамкор давлатлар билан муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Таъкидланишича, бугун минтақада деворлар эмас, балки ишонч кўприклари барпо этилмоқда.
Конференция доирасида олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Тадбир иштирокчилари фикрича, “Дўстлик стелласи” келажак авлодлар учун ҳам дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи бўлиб хизмат қилади.