Учрашувда Фарғона шаҳрида Корея Республикасининг грант маблағлари асосида ташкил этилган, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрловчи касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолиятини юқори даражада йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Ушбу марказ учун Фарғона шаҳрида ўқув биноси, ётоқхона, ошхона ва спорт зали қуриш мақсадида 2 гектар ер майдони ажратилиб, KOICAнинг Ўзбекистондаги офисида Фарғона лойиҳаси бўйича қўшимча келишув меморандуми имзоланганди. Корея томонидан ушбу лойиҳа учун 9 миллион 320 минг доллар миқдорида инвестиция киритилди.
Марказда 5 та йўналиш (электр менежменти, автомобилсозлик, ахборот технологиялари, косметология ва тикувчилик) бўйича касбий таълим йўлга қўйилади. Ҳозирда бу ерда Корея Республикасидан замонавий ўқув-амалиёт жиҳозлари олиб келиниб, ўрнатиш ишлари якунланди. Яқин кунларда ўқув жараёнлари бошланади.
Амалиётга асосий эътибор қаратилган ўқув марказида бир йилда 480 нафар ишсиз фуқарони касбга ўқитиш имконияти мавжуд. Ўқувчилар 6-8 ойлик курсларда касбий таълим олади. Вилоят ҳокимининг ўқув жараёнларини икки сменада ташкил этиш орқали марказда ўқувчилар сонини икки баробарга ошириш, шунингдек мавжуд таълим имкониятларидан тўла фойдаланиш учун қўшимча қисқа курслар ташкил этиш бўйича таклифи KOICAнинг Ўзбекистондаги офиси директори томонидан тўла маъқулланди.
Учрашувда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги департаменти бошлиғи Илҳомжон Аброров ҳам иштирок этди, деб хабар беради Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.