Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров томонидан Фарғона шаҳридаги Дўстлик ҳамда Гулзор маҳаллаларида аҳоли яшаш шароитларини ўрганиш жараёнида ҳудудда кўп қаватли турар-жойлар орасида яшил майдонлар ҳудудидаги дарахтлар кесилгани, болалар ва спорт майдончалари бузилгани ва ўрнига янги бинолар қурилиши бошланганига гувоҳ бўлинди.

Ҳудудда яшовчи аҳоли вилоят ҳокими билан мулоқот чоғида янги қурилаётган бинолар сабабли маҳаллада аҳоли яшаши учун ноқулайликлар туғдираётганини, болалар учун очиқ ҳавода ўйнашга, катталар ва кексалар учун сайр қилишга имконият қолмаганини билдиришди.

Вилоят ҳокими, биргаликда ўрганиш олиб бораётган шаҳар ҳокими ва прокурорига бугундан эътиборан Фарғона шаҳрида кўп қаватли турар-жойлар ўртасида олиб борилаётган барча қурилишларни тўхтатиш ҳамда бундай қурилишларга рухсат бериш билан боғлиқ қарорларни бекор қилиш юзасидан топшириқ берди. Пойдевор учун қазилган котлованлар барчаси кўмиб ташланади, қурилиши якунлашиш босқичида бўлган иншоотларнинг ҳар бирининг қонунийлиги бўйича шаҳар прокуратураси ўрганиш олиб боради. Барча ҳудудларда бузиб ташланган болалар ҳамда спорт майдончалари қайта тикланади, қурилиш эгалари кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 тупдан манзарали дарахт экиши таъминланади. Тўхтатилган қурилишлар ўрнига тадбиркорларга бино қуриш учун бошқа жойдан ер майдони таклиф этилади, деб хабар беради Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.