Мусобақада республикамизнинг барча ҳудудларидан келган жами 15та вазн тоифаси бўйича кучли полвонлар иштирок этди.
Мусобақанинг сўнгги кунида оғир вазнли иштирокчилар гиламга чиқишди. Аёллар ўртасида -87 килограмм вазн тоифасида Сурхондарё вилояти вакиласи Юлдуз Муҳаммадиева хоразмлик Раҳимахон Йўлдошевани ҳалол баҳоси билан мағлубиятга учратди. 87 килограммдан юқори вазн тоифасида эса пойтахтлик Санам Эркинбоева қашқадарёлик Обида Алмадўстовага ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Эркаклар ўртасида -100 килограмм ҳамда ундан юқори вазн тоифаларида гиламга чиққан полвонлар ўртасидаги беллашувлар ҳам ишқибозларнинг диққат марказида бўлди. Унда номдор полвонларимиздан қашқадарёлик Шерали Жўраев ҳамда Сурхондарё фарзанди Муҳсин Ҳисомиддинов шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олишди.
Мусобақа якунида ғолиблар, шунингдек Ўзбекистон чемпионатида кучли учликдан жой олган спортчилар аниқланди, деб хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.