Маълум бўлишича, жорий йил 9 март куни «Фарғона сув таъминоти» АЖнинг Ўзбекистон тумани филиали инспектори Д.С. Сочтепа кўчасида жойлашган хонадонлардан бирига бориб, сув таъминоти ҳолатини ўрганган. Текширув давомида ушбу хонадонда рўйхатдан ўтказилмаган ҳисоблагич мавжудлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима қўлланилиши ҳақида маълум қилинган вақтда хонадон эгаси Фазлиддин Пардаев инспекторга қаршилик кўрсатиб, жанжаллашган. Жанжал давомида у ўша ерда бўлган ёғоч бўлаги билан инспектор Д.С.нинг бош қисмига уриб, тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Гумонланувчи Фазлиддин Пардаев процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.