Фарғона вилояти давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан вилоятнинг шаҳар ва туманларида “Тадбиркорга кўмак” марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Марказ фаолияти “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида солиқ тўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган, дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида.

Ана шундай марказлар Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарларидаги марказий деҳқон бозорларида ҳам очилди. Ҳудудлардаги тадбиркорлар солиқ соҳасига оид бирор муаммони ҳал этиш учун бевосита давлат солиқ инспекциясига бормасдан, ўзларига ҳар томонлама қулай бўлган “Тадбиркорга кўмак” марказига ташриф буюрган ҳолда масалага ойдинлик киритишлари мумкин. Албатта, ушбу жараён тадбиркорнинг ҳам вақти, ҳам нақди тежалишига хизмат қилади. Эътиборлиси, ушбу марказларга бир нафардан солиқ идораси ходими бириктирилган бўлиб, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш учун барча зарур шароитлар яратилган.

Солиқ тўловчи учун энг қувонарлиси, марказлардаги барча хизматлар бепул. Бу ерда фуқароларга солиқ қонунчилигига оид сўнгги ўзгаришларни тушунтириш билан бирга, тадбиркорларга ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш, солиқ ҳисоботларини юбориш, қулай солиқ режимини танлаш, дастлабки бухгалтерияни юритиш каби масалалар юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.