Илмий кенгаш замонавий янги мультимедиа жиҳозлари билан таъминланган махсус залда фаолият юритади. Зеро, муҳтарам Президентимизнинг илм-фанни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлари олийгоҳларда ўз ижросини топмоқда.

Фарғона водийсининг ҳайвонот олами азалдан тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига тортиб келган. Илк бор зоологик тадқиқотларнинг юзага келиши мазкур ҳудудда олий ўқув юртларининг ташкилланиши билан бошланган бўлса, унинг кейинги тараққиёти ҳам улар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Дастлабки тизимли илмий изланишлар бу ерда йигирманчи асрнинг ўттизинчи йилларида водийнинг тўнғич олий ўқув юрти – Фарғона давлат университети (собиқ педагогика институти) очилгандан кейин бошланган.

Кейинчалик ҳудуднинг ҳайвонот дунёсини ўрганишга янгидан ташкил этилган Андижон ва Наманган университетлари, собиқ Марғилон ўқитувчилар институти, Қўқон педагогика институти, Андижон қишлоқ хўжалиги (собиқ пахтачилик) институтининг ўқитувчилари ва ходимлари ҳам киришдилар.

Ўтган давр мобайнида ўнлаб таниқли олимлар водий фаунасига доир кўплаб илмий натижаларни қўлга киритдилар. Жумладан, профессор С.В.Аверинсев (1931-1940) илмий натижаларни қатор илмий ва ўқув манбаларда ёритган бўлса, республикада сув ҳавзалари зоологияси йўналишининг тараққиёти ва равнақи академик Авлиёхон Муҳаммадиев ва унинг шогирдлари ишлари билан узвий боғлиқ.

Кейинчалик профессорлар А.М.Мухамедиев ва М.Ҳ.Аҳмедовлар водийда энтомологик тадқиқотларни ривожлантирди ҳамда илмий мактаблар яратдилар. Уларнинг шогирдлари ҳозирда ушбу илмий мактабларнинг давомчилари саналиб, ҳайвонот оламининг фаунаси, экологияси ва экспериментал шароитда тарқалиши, зарари ва хўжалик аҳамиятини кенг қамровли тадқиқ этиб келмоқда.

Умуман олганда, сўнгги 1 аср давомида Фарғона водийсининг умуртқасиз ва умуртқали ҳайвонларининг фаунаси, систематикаси, биологияси, экологияси, бошқа йўналишларини ўрганишда салмоқли ишлар қилинганлиги қатор илмий манбалардан кўриниб турибди. Унда Фарғона водийси олий ўқув юртларида фаолият кўрсатган зоолог-тадқиқотчиларнинг улкан ҳиссаси бор.

Айтиб ўтиш жоизки, Фарғона водийсида ўтказилган гидробиологик тадқиқотлар 1 докторлик (А.Мухаммадиев, 1958), энтомология соҳасида 7 докторлик (Дубовский, 1967; А.А.Мухамедиев, 1989; А.Кан, 1994; М.Ҳ.Аҳмедов, 1995; А.Г.Кожевникова, 2000; И.И.Зокиров, 2019; А.К.Хусанов, 2020) диссертацияларига замин вазифасини ўтади. Қайд этилган ва бошқа йўналишларга хос водий материаллари асосида элликдан ортиқ монографиялар чоп этилди, 50 га яқин номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди, мингдан ортиқ мақолалар эълон қилинди.

Шуларга асосланиб айтиш мумкинки, шак-шубҳасиз, Фарғона водийси Ўзбекистонда ўтказилган зоологик тадқиқотларнинг марказларидан бири бўлиб келди ва ҳозир ҳам бу мавқени сақлаб қолмоқда.