Янги бинонинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги вакиллари, тиббиёт институти раҳбарияти ҳамда ўқитувчи профессорлар, талабалар иштирок этди.
Институтнинг йилдан-йилга салоҳияти, фаолияти жадаллашуви республикамизда тиббиёт соҳасининг кадрлар билан таъминланиши орқали аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилишининг асоси, дея таъкидладилар. Очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар бинонинг ўқув хоналари ва бу ерда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар.

— Бугунги кунда ўқув базага мамлакатимиз, қолаверса, Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий микроскоп олиб келинди. Салкам 500 млн. сўмга харид қилинган микроскопнинг афзаллиги шундан иборатки, ундан бирданига 10 нафар ўқувчи фойдаланиши мумкин, — дейди ҳамширалик иши кафедраси мудири Жамолиддин Мамасаидов. — Шунингдек, инсон организмидан таҳлил учун олинган намуналарни 1000 бараваридан 5000 бараваригача катталаштириб, микроблар, бактерияларни, тўқималардаги ўзгаришларни кўриш мумкин.

Эндиликда олий ҳамширалик иши йўналишида, эпидемиология, микробиология ҳамда клиник фармакология кафедраларидаги талабалар, ўқитувчи-профессорларимиз янги замонавий жиҳозлар ва асбоб ускуналардан ўқув машғулотларида, илмий тадқиқотлар мақсадларида фойдаланиб, жуда катта малакага ҳамда амалий кўникмага эга бўлишади.