Хусусан, ҳудудлар кесимида олганда маҳаллийлаштириш даражаси мутлақо қониқарсиз. Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилоятларида истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2-5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, дори воситаларига талабни ўрганиб, уларни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари белгиланган, хусусан, жорий йилнинг ўзида 80 миллион долларлик 34 та лойиҳа режалаштирилган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган давра суҳбатида фармацевтика соҳадаги бугунги ҳолат ҳамда ушбу йўналишдаги тадбиркорларнинг соҳадаги муаммоларини аниқлаш, таклифларини ўрганиб чиқиш масалалари муҳокама этилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Давлат солиқ ва божхона қўмиталари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, "Dori-Darmon" АЖ мутасаддилари ҳамда юртимизда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш, шунингдек улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланувчи 150 нафар тадбиркорлик субъекти иштирок этишди.
Шу билан бирга, Савдо-саноат палатасининг 14 та худудий бошкармаси биноларидан онлайн тарзда ZOOM платформаси орқали фармацевтика соҳасида фаолият юритиб келаётган 140 нафар нуфузли тадбиркорлар қатнашди.
Учрашувнинг муҳим мақсадларидан бири – тадбиркорларга фармацевтикага оид тизимли муаммолар ва конструктив ечимларни очиқ муҳокама қилиш учун майдон яратишдан иборат.
Конструктив руҳда, қизғин савол-жавоб кўринишида ўтган давра суҳбатидан сўнг, дори воситаларини маркировкалаш тизимини жорий этиш учун зарур бўлган ахборотлар бериб ўтилди.
Тадбир давомида муҳокама қилинган йўналишлар бўйича тадбиркорлик субъектларининг таклифлари умумлаштириш, таҳлил қилиш ва юқори ташкилотларга тақдим қилиш учун йиғиб олинди.