Шунга монанд, бугунги кунда мамлакатимизда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини, стратегик мақсадларини белгилашда халқимизнинг бевосита иштирокини таъминлаш, олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, ривожланишнинг истиқболли режаларини амалга оширишда кенг жамоатчилик назоратини ўрнатишга хизмат қиладиган тизимли ишлар йўлга қўйилди. Жумладан, Давлат дастурларини белгилашдан олдидан уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш, бу борада халқнинг фикри, хоҳиш-истакларини аниқлаш, уларнинг таклиф ва ташаббуслари асосида дастурларни янада бойитиш анъанага айланди.
Бу йил ҳам “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”га мўлжалланган давлат дастури оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари ҳамда махсус веб порталлари орқали кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиниб, ижтимоий экспертиза ўтказилди. Бундан ташқари, ўн беш кун давом этган жамоатчилик муҳокамаси жараёнида давлат дастуридаги бандлар бўйича 34 миллион абонентга 566 миллион СМС-хабарномалар юборилди, хорижда яшовчи ватандошлар билан офлайн ва онлайн шаклда кенг муҳокама ва учрашувлар ташкил этилди. Албатта бундан кўзланган мақсад фуқароларимизнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, юртимиз равнақи йўлида уларнинг фаол иштирокини таъминлашдан иборатдир.
Натижаларга келсак, ушбу Давлат дастури билан тўрт миллиондан ортиқ фойдаланувчилар интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали танишиб чиқди, икки мингга яқин ахборот ва таҳлилий мақолалар жойлаштирилди, 30 мингдан ортиқ, яъни ўтган йилга солиштирганда 4 баробар кўп таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Халқимизнинг талаб ва таклифлари, хоҳиш-истаклари асосида халқчил дастур қабул қилинди. Энди унинг ижроси устидан кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ҳар биримиздан дахлдорлик ва фаолликни талаб қилади.
Қайд этиш лозимки, бу йилги Давлат дастури ҳам барча соҳа ва тармоқларни ривожлантиришни ўз ичига қамраб олди. Айниқса, йил номига монанд равишда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва истеъдодларини рўёбга чиқариш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун муносиб шарт-шароитлар ва янги иш ўринларини яратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятларини бошлашлари учун имтиёзли кредитлар ажратиш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Жаҳонда илм-фан тобора тараққий этгани сари, турли соҳа ва тармоқларда технологияларнинг улуши ортиб, меҳнат ресурсларига бўлган эҳтиёжни кундан кунга камайтириб бормоқда. Бундай шароитда ишсиз аҳоли, айниқса меҳнат бозорига янги кириб келаётган ёшларга янги иш ўринларини яратиб бериш, замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш орқали улар учун доимий даромад манбаларини шакллантиришнинг долзарблиги ортмоқда.
Бу муаммоларни тизимли бартараф қилиш юзасидан ўтган йили муҳтарам Президентимиз томонидан ёшлар билан ишлашнинг вертикал тизими яратиб берилган эди. Яъни, чекка-чекка жойлардаги ишсиз, ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларни ҳаётда тўғри йўл топишларига кўмаклашиш мақсадида корхона ва ташкилотлар, олий таълим муассасалари раҳбарларига бириктириб берилган эди. Ҳар бир раҳбар ўзига бириктирилган ёшлар билан тўғридан-тўғри, индивидуал иш олиб бориб, уларнинг реал ижтимоий аҳволи, имконият ва қобилиятларидан келиб чиқиб амалий чораларни кўриб борди ва ўз навбатида бу механизм ўзининг самарали натижаларини берди.
Хусусан, Наманган муҳандислик-технология институтига Наманган шаҳрининг “Озод” ва “Янги йўл” маҳаллаларида истиқомат қилувчи ёшлар бириктирилган эди. Уларнинг қизиқиш ва имкониятлари ўрганилиб, айримлари ишга жойлаштирилди, баъзиларига тикув машиналари, сартарошлик ускуналари олиб берилди. Олий таълимда ўқиш истагида бўлган ёшлар тайёрлов курсларига йўналтирилди.
Ушбу тизимни яна давом эттириш, қолаверса бу борадаги ишлар кўламини янада ошириш мақсадида янги Давлат дастурининг биринчи вазифаси шу масалага бағишланди. Яъни “Ёшлар баланси” асосида алоҳида ишлаш талаб этиладиган, шунингдек, истеъдодли ва иқтидорли ёшлар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим ташкилотларининг раҳбарларига бириктириладиган бўлди. Раҳбарларга эса, бириктирилган ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш ва шу орқали уларнинг бандлигини таъминлаш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, ёшларни ҳаётда ўз ўринини топишга, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш учун бюджетдан ташқари маблағларни қонунда белгиланган тартибда йўналтиришга рухсат берилди.
Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида давлат томонидан ажратиладиган кредитларнинг камида 40 фоизини ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши, “Ёш тадбиркор” танловларини ўтказиш амалиётини йўлга қўйилиши, танлов ғолибларига имтиёзли кредитлар ажратилиб, давлат ҳисобидан хорижий давлатларга малака ошириш учун юборилиши ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
Шунингдек, “Ҳар бир маҳалладан икки нафар дастурчи” дастури доирасида ахборот технологиялари ва компьютер дастурлаш соҳасига қизиқувчи ёшлар аниқлаб, уларни инглиз ва бошқа хорижий тилларга ўқитиш ҳамда сертификатлар олишини ташкил этиш ишлари ҳам амалга ошириладиган ҳамда келгусида IT соҳасида фаолият юритаётган ташкилотларга йўналтириш орқали уларни иш билан банд қилинадиган бўлди.
Сабаби ҳозирги глобаллашув жараёни меҳнат бозоридаги ишчилардан IT соҳасидаги билимларни талаб этмоқда. Масофадан туриб хизмат кўрсатиш, ақлли электрон қурилмалар билан ишлаш кўникмаларига эга бўлиш бугунги меҳнат бозоридагиларга қўйилган талабларни ўзгартириб бормоқда.
Бундан англаш мумкинки, навқирон ёшларнинг ҳар соҳада илғор қадамлар билан ривожланиши учун янги имконият ва муносиб шароитларни яратиш, уларни ҳар томонлама салоҳиятли этиб тарбиялаш, уларда истиқболга дахлдорлик ҳиссини ошириш, қолаверса истиқлол давомчилари сифатида ўз позициясига эга, баркамол авлод қилиб тарбиялашнинг аҳамиятини оширмоқда. Шундай экан, ушбу дастурда белгиланган вазифаларни самарали ижро этиш, кўзланган натижаларни қўлга киритишда жонбозлик кўрсатиш, халқимиз хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш мақсадида юклатилган вазифаларни сидқи-дилдан адо этиш ва масъулият билан ёндашиш ҳар биримизнинг энг асосий вазифамизга айланиши керак.
Одилжон Маматкаримов,
Наманган муҳандислик-технология институти ректори,
Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгаши депутати