Жорий йилнинг ўтган ҳафтаси мамлакатимиз тиббиёти ҳаётида қизғин воқеликларга бой бўлди. 6 ноябрь куни Президентимиз раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида эса Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланди. Байрам муносабати билан Президентимиз табриги нафақат тиббиёт соҳаси вакиллари, балки бутун жамоатчилигимизда катта қизиқиш уйғотди. Унда қайд этилганидек, 2020 йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун мислсиз синов, айни вақтда изчил ривожланиш, янги тажриба орттириш йили бўлди. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккабликларга қарамасдан, юртимизда тиббиётни ривожлантириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.
Соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 14,8 триллион сўм ёки 2019 йилдагига нисбатан 1,2 баробар кўп маблағ ажратилди. Инвестиция дастурига мувофиқ, ушбу тизимга 1,15 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада марказда ва жойларда қисқа муддатда даволаш-профилактика муассасалари, карантин зоналари ҳамда саралаш-тақсимлаш марказлари барпо этилди, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 4 минг ўринли кўп тармоқли махсус шифохона ишга туширилди. Албатта, бу чора-тадбирлар глобал пандемияга қарши курашиш ва аҳоли саломатлигини муҳофазалашда ўз самарасини бермоқда.
Бу борада мамлакатимизда эришилаётган натижалар халқаро миқёсда ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Жужанна Якаб 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини юқори баҳолаб, уни дунё давлатларининг энг илғор тажрибаларини ўзида уйғунлаштирган, аҳоли саломатлигини асраш баробарида соҳа ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш имконини берадиган муҳим ҳужжат, дея эътироф этди.
Шу билан бирга, коронавирус пандемиясига қарши кураш жараёнида тиббиётимизнинг ўзига хос ютуқлари баробарида соғлиқни сақлаш тизимида талай муаммолар ҳам борлиги яққол намоён бўлди. Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ана шу масалалар, хусусан, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар фаолиятидаги муаммолар таҳлил қилинди.
Видеоселекторда 2019 йилги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи шу бўғинда олдини олиш мумкин бўлган юрак-қон томир касалликлари ҳисобига тўғри келгани, онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқланаётгани танқид қилинди. Биринчи бўғинда тиббий ёрдам сифати пастлиги учун аҳоли тўғридан-тўғри марказий шифохоналарга боришга мажбур бўлаётгани қайд этилди.
Тиббиётнинг бирламчи бўғинига бу қадар жиддий эътибор қаратилиши бежиз эмас. Чунки бирламчи тиббиёт муассасалари аҳолига яқин жойлашгани сабабли ушбу шифо муассасаларига аҳоли томонидан энг кўп мурожаат бўлади. Шу боис, давлатимиз раҳбари қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш заруратини тилга олди.
Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланди. Уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилади. Бунинг учун тиббиёт ходимлари планшет, мобиль диагностика воситалари билан таъминланади.
Йиғилишда кадрлар масаласи ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда 20 мингдан зиёд шифокорлик штати бор, лекин атиги 12 минг мутахассис ишламоқда. Президентимиз шифокорларга муносиб шароитлар яратиш орқали уларни энг қуйи бўғин — қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга жалб қилиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун чекка ҳудудлардаги бирламчи бўғин тиббиёт тизими учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинади. Бу дастурга мувофиқ, олис ҳудудлардаги бирламчи бўғинга ишга кирган тиббиёт ходимларига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағи берилади, улар хизмат уйи билан таъминланади ёки ижара тўлови компенсация қилинади.
Шифокорларга бўлган эҳтиёжни маҳаллалар кесимида аниқлаб, тиббиёт олий ўқув юртларида квотани ошириш, ипотека асосида қурилаётган уй-жойларни, аввало, бирламчи бўғин шифокорлари учун ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди. Бундан ташқари, шифокорлар иш кунининг 60 фоизини ҳисобот тўлдиришга сарфлаётгани таъкидланиб, бу жараёнларни рақамлаштириш вазифаси қўйилди.
Тиббиёт — тинимсиз ривожланаётган соҳа. Ривожланишдан ортда қолмаслик учун дунё илм-фанида бўлаётган ўзгаришлар, кашфиётлардан мунтазам хабардор бўлиш сифатли тиббий хизмат кўрсатишнинг асосидир. Эндиликда барча аҳоли қатламининг замонавий тиббий ёрдамга бўлган эҳтиёжини тенг қондириш мақсадида ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказларининг филиаллари барча вилоятларда ташкил этилиб, соҳанинг етук мутахассислари жойларда барча йўналишларда фаолият кўрсатади.
Албатта, бу чора-тадбирларнинг барчаси халқимизнинг, келажак авлод саломатлигини кўзлаб амалга оширилмоқда. Зеро, миллат саломатлиги фаровонлик, юксалиш ва тараққиётга пойдевордир.
Мақсуда ВОРИСОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фуқароларнинг соғлиғини сақлаш
масалалари қўмитаси раиси ўринбосари