Халқ ўйинларининг асосий бўғини саналган болалар ўйинлари фарзанд тарбиясида муҳим ўрин тутади. Уларда ўйлашга, фикр юритишга, жамоа бўлиб ҳаракат қилишга, ҳар қандай қийинчилик ва мушкулликларни енгиб, ғалаба қозонишга умид, ўзига ишонч уйғотади. Ўйинлар асрлар давомида такомиллашиб, янгиланиб, авлодларни халқимиз маънавияти сарчашмаларидан баҳраманд этиб келмоқда.

Болалар табиатан кўрган нарсасига ишонади ва тақлид қилади. Шу боис, улар ўйинлари ҳам амалий характерга, кўп вазифали ва этнопедагогик моҳиятга эга. Инчунун, анъанавий ва оммавий ҳодиса, халқ маданиятининг ажралмас бўлаги, бебаҳо бойлиги саналади. Ўйинларда ўша халқнинг ўтмиши, бугуни ва эртаси намоён бўлади, турмуш тарзи, урф-одатлари, руҳий олами, дунёқараши, ахлоқий-эстетик қарашлари акс этади. Болалар ҳаётини ўйинсиз тасаввур этиш қийин. Уларнинг ҳар бирини мустақил фольклор асарига менгзаш мумкин. Унинг илк намуналари қадимий бўлиб, асрлар давомида ёш авлодни тарбиялаш, мавжуд шарт-шароитга кўниктириш, чиниқтириш вазифасини ўтаб келган.

Фольклор унсурларидан бири бўлган ўйинларда асрлар давомида халқ турмуш тарзида синалган, миллий руҳ билан йўғрилган жисмоний-тарбиявий, маънавий-ахлоқий қарашлар акс этган. Улар болаларни ҳалолликка, тўғрилик ва ростгўйликка, ботирликка, инсонпарвар ва меҳрли бўлишга даъват этади. Аксарият ўйинлар мусобақа шаклида бўлиб, пировардида ижобий якунланади. Бу эса болаларни яхшиликка, софдилликка ундайди.

Болалар ҳаётида ўйинлар ҳам ижтимоий, ҳам физиологик, ҳам эстетик аҳамият касб этади. Уларнинг ижтимоий аҳамияти шундан иборатки, бола бевосита табиат ва жамият қўйнида, оила бағрида яшайди, ўйнайди. Бола ўйин воситасида табиатга яқинлашади. Ўйин учун зарур бўлган предмет, ашёларни табиатдан олади. Ўйинлар, асосан, табиат қўйнида, унинг сўлим гўшалари — сув бўйида, ариқ лабида, тоғ этагида, дарахтлар соясида ўйналади. Бола буларнинг барчасидан олам-олам завқ олади.

Болалар табиатан катталар турмуш тарзи, меҳнатини кузатиб, уларга тақлид қилиб, ўзлаштириб боради. Оилада кечадиган турли воқелик: бир-бирига муомала ва муносабат, касб-кор, меҳмондорчилик, кундалик рўзғор юмушлари, тирикчилик болаларни бефарқ қолдирмайди. Болалар уларни бевосита кузатиб, нусха кўчириб, ўз ўйинига сингдиришга ҳаракат қилади. Шу тариқа болаларнинг ҳаётга, жамият ҳаётида иштирок этишга тайёргарлиги шаклланиб боради.

Физиологик аҳамияти шундан иборатки, бола у орқали ўз табиий-биологик, маънавий-жисмоний эҳтиёжларини қондиради. Чунки серҳаракатлилик бола соғлом униб-ўсиши учун асосий омиллардан бири саналади. Ўйинлар болаларнинг соғлом, бақувват, чидамли, эпчил бўлиб улғайишига катта ёрдам беради. Тана аъзолари  ҳам чиниқади, ҳам ривожланади.

Эстетик жиҳати эса боланинг улардан маънавий завқ ва баҳра олишида намоён бўлади. Ўйинлар бола ҳис-туйғуларига шу қадар таъсир кўрсатишга қодирки, бунинг натижасида бола қалбида у ёки бу касбга нисбатан меҳр-муҳаббат, интилиш, ижобий фазилатлар уйғонади, юксак орзулар туғилади. Масалан, варрак учираётган ёки ўйинчоқ самолёт ўйнаётган бола қалбида учувчи бўлиш орзуси, асфальтга қинғирқийшиқ расм солаётган болада рассом бўлиш истаги куртак отиши шубҳасиз. Болада бу ўйинларга нисбатан қизиқиш ва эътибор жиддийлашиб, муайян вақт ўтгач шу касбни танлаш даражасига етиши мумкин. Болалар ўйинларига, асосан, ҳаётда учрайдиган воқеа ва ҳодисалар сингдирилган. Бу эса уларнинг ижтимоий ҳаёт, табиат, жамият, турмуш тарзи билан бевосита боғлиқлигини англатади.

Болаларнинг соғлом, гўзалликка ошно бўлиб улғайишлари ва яшашларида ҳам ўйинлар муҳим ўрин тутади. Улардан кўзланган асосий мақсад — болаларнинг ҳаётни англаши, турли кўникма ва малакага эга бўлишга интилиши, ҳаётга муҳаббат кўзи билан қарашга уриниши, бўш вақтни самарали ўтказишдан иборат. Болалар ҳайвонлар билан боғлиқ ўйинларни ўйнаш асносида жонзотларга меҳр қўйиш, уларни парвариш қилиш, асраб-авайлашни ўрганади.

Ўз навбатида, ўйинлар ахлоқий-тарбиявий вазифани ҳам бажаради. Аксарият ўйинларда меҳнатга уқувли бўлиш, касбкор сирларини эгаллашга рағбат уйғотиш, “қийин аҳволга тушиб қолган” дўстга ёрдам қўлини чўзиш, дўстликни ардоқлаш, мардлик кўрсатиб, ғалаба қозониш, жамоа шаънини ҳимоя қилиш каби инсоний фазилатлар мадҳ этилади. Болаларда меҳнатсеварлик, дўстлик, софдиллик, тўғрилик, ростгўйлик, садоқат, ватанпарварлик, мардлик, ботирлик, уқувлилик, билимдонлик, топқирлик, зукколик, эпчиллик каби инсоний хислатларни тарбиялайди. Уларни маънавий гўзаллик, эзгулик, яхшилик сари ундаб, эл-юрт манфаати учун курашишга чорлайди.

Анъанавий болалар ўйинларида она Ватан, эл-юрт манфаатини ҳимоя қилиш, ўз манфаатини Ватан манфаатидан устун қўйиш каби улуғвор ғоя ва мақсадлар  сингдирилган. Буни “Қалъа ҳимояси”, “Қўрғон ҳимояси”, “Ой теракми, кун терак”, “Оқ шоли, кўк шоли”, “Байроқ олиш”, “Шаҳарларга саёҳат” каби ўйинларда яққол кўриш мумкин.

 Болаларнинг дўст, ўртоқ бўлишида ҳам ўйинлар муҳим роль ўйнайди. Уларни бир-бирига яқинлаштиради, дўстлаштиради. Ҳамма ҳам бир жамоа бўлиб ўйнай олмайди. Ўзаро дўст, ўртоқ, руҳан яқин, қизиқиш ва интилишлари мос келадиган болалар бирга ўйнай олади. Ўйин пайтида болалар жамоасини шакллантиришда дўстлик тушунчаси уч ҳолат, яъни тенгдош ёки маҳалладош, бир хил жинс ва қизиқишдаги болалар ўртасидаги аҳиллик, бола ва табиат (ҳайвонлар ва ўсимликлар) ўртасидаги самимий муносабат, бир миллат болаларини бошқа миллат ўйинларини ўйнаши натижасида юзага келади. 

Ҳуқуқий онгни шакллантиришда ҳам болалар ўйинларининг ўрни беқиёс. Чунки бола ўйин жараёнида ўз хулқи, хатти-ҳаракатини бошқаришни ўрганади. Шу асосда унда ички интизом шакллана бошлайди. Бола ўйинга киришган лаҳзадан бошлаб онабоши иродаси ва ўйиннинг ички тартиб-қоидаларига бўйсунади. Айни шу ҳолат, яъни ўйинга масъуллик мажбурияти ҳамда ички интизом туйғуси болада ҳуқуқий онгни тарбиялашга хизмат қилади. Бола ўйин тугаганида эмас, балки онабоши унинг тугашини билдириб: “Уй-уйингга, тепа-тўйингга, бир хўрозим бор, қайси бирингга?” деб тарқалишга ижозат бермагунча ўзбошимчалик билан ташлаб кетишга ҳаққи йўқ. Чунки ўйинни ўртасида тарк этиш — унинг бузилишига, тарқалиб кетишига олиб келади. Бу эса, табиийки, бошқа болаларда норозилик уйғотади. Боланинг жамоа олдидаги масъулиятини сусайтиради. Ўйинда ғирромлик рўй беради. Ўйинда белгиланган қоида ва шартларни адо этиш, уларга қатъий амал қилиш баробарида болада қаноат, сабр, чидам, қонун-қоидаларга бўйсуниш туйғулари камол топади.

Мухтасар айтганда, ўйинлар боладан ақлий ҳаракат, жисмоний кучдан тўғри фойдаланишни талаб қилади. Улар руҳияти ва маънавиятига таъсир кўрсатади, фикрлаш қобилиятини ўстиради.

Нигора САФАРОВА,

Бухоро давлат университети доценти,

филология фанлари номзоди