Афсуски, Эшбоевлар оиласида ҳам шу ҳолат юз берди ва охир-оқибат оила бузилди. Ўртадаги 2 нафар фарзанд эса гоҳ онаникида, гоҳ отаникида сарсон.
Сўнгги маротаба 2024 йилнинг август ойида бобосининг касаллиги сабаб, кўриш учун отаси томонидан олиб кетилган болалар 2025 йил январь ойи келди ҳамки онага қайтариб берилмади.
Қанча ҳаракатлар бесамар кетгач, фуқаро С.Бобоева фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судига мурожаат қилган. Суд болаларнинг она парваришига муҳтожлигини инобатга олиб, 16.12.2024 йилда даъвони қаноатлантирган.
Мажбурий ижро бюроси Кўкдала тумани бўлими томонидан 10 ва 7 ёшли болаларни онаси тарбиясига олиб бериш тўғрисидаги ижро ҳужжати 17.12.2024 йилда келиб тушди ва ижро ҳаракатларига киришилди.
Давлат ижрочиси томонидан қарздорга болани онасига ихтиёрий равишда топшириш тўғрисида бир неча маротаба огоҳлантириш берилган бўлса-да, қарздор ихтиёрий муддат давомида фарзандларни онасига топширишдан бош тортди.
Натижада бўлим ходимлари томонидан жорий йилнинг 6 январь куни тегишли идора вакиллари ва холислар иштирокида мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланди ва болалар онаси С.Бобоева тарбиясига олиб берилди.