Тор ва зах тортган кўчалар, пастаккина сомонсувоқ уйлар ўрнида ўзгача замонавий манзара. Кўриб кўзим қувонди, ўзимни енгил ҳис эта бошладим.

Маҳобатли Ислом цивилизацияси марказидаги ҳар бир зал, экспозиция, сунъий интеллект асосида яратилган мультимедиали технологиялар, уларнинг тарих ва бугунги кун билан уйғунлашгани зиёратчию сайёҳни ҳайратга солади. Коинот тасвири, юлдузлар жилоси, аждодлар мероси, ислом тарихи ва маданияти — уч минг йиллик тарихимизни кўз ўнгимизда намоён этадиган муҳташам сарой. Шуларнинг ҳаммаси инсон ақлу заковати, илми, теран мушоҳадаси, юксак салоҳияти, аждодларимизнинг асл ҳунарманд­лик мероси асосида яратилганига ҳайрон қоласиз.

Ҳа, залдан залга ўтар эканмиз, ундаги ниҳоятда бой маданий мерос намуналарини кўриб, ортида катта меҳнат, юқори даражадаги дипломатик муносабатлар, ташкилотчилик, катта маблағ эвазига яратилганини англаш қийин эмасди.

Ижодкор сифатида мени болалар учун яратилган интерактив ва билим берувчи зал алоҳида диққатимни тортди. Бу бўлимда кичик ва ўрта ёшдаги болаларни Ўзбекистон тарихи ва маданий мероси билан таништириш, оламшумул ихтиролар ва кашфиётларга қизиқишини ошириш учун буюк аждодларимизнинг болалиги ҳақидаги қисқа ва аниқ маълумотлар, улар яратган кашфиётлар ҳамда алломаларнинг болалик образидаги аватарлари ҳам тақдим этилган. Залга кирган болалар ушбу интерактив аватарлар билан мулоқот қилади, уларга саволлар бериб, маълумот олишлари мумкин бўлади.

— Болалар учун яратилган бўлим “Ўзбекистондан дунёга 1001 ихтиро” деб номланган катта китоб билан бошланади. Бу хона буюк британиялик Аҳмад Салим лойи­ҳаси асосида яратилган, — деб изоҳ беради бўлим координатори ёрдамчиси Шаҳина Алижонова. — Хонадаги жиҳозлар, монитор ва айпатлар мамлакатимиз ва унинг вилоятлари, буюк алломалари, миллий валютаси, мадҳияси ҳақида маълумотлар беради. Ҳар бир интерактив контент учта — ўзбек, рус, инглиз тилида тақдим этилган. Китоб “Сеҳрли қизиқувчанлик” деган сўз билан очилади.

Болалар бўлимининг хоналари шундай номланганки, бу масканга фарзандини етаклаб келган ота-она, ўқитувчи ва мураббийларга тўғри йўналиш бериб туради. “Ўтмишга дарвозалар”, “Кашфиётлар ва билимлар даври”, “Тасаввур кучи”, “Ғоялар олами” каби. Залнинг 1-қисми деворларидаги қоғоз қоп­ламалар Биринчи Ренессанс давридаги ихтиролар сурати билан безатилган. Залнинг 2-қисмида эса Иккинчи Ренессанс даври иллюс­трациялари акс этган. Айнан шу бўлимда Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг от минган ҳайкали ҳам бор.

“Кашфиётлар зали”да Аҳмад ал-Фарғонийнинг сув сатҳини ўлчайдиган нилометр асбоби ўрнатилган. Болалар пульт орқали бу асбобни ишлатиб кўриш имкониятига ҳам эга.

Абу Райҳон Берунийнинг шамол кучини аниқлайдиган махсус асбоби ҳам болаларга олимнинг ажойиб кашфиёти ҳақида эсда қоларли маълумот беради. Улар мониторлардаги турли саволларга жавоб бериш билан ўз билимларини синаб кўришлари мумкин.

Буюк рассом Камолиддин Беҳзоднинг сурати акс этган электрон монитор ёнида қўл билан амалга ошириладиган яна бир ажойиб интерактив тажриба гувоҳи бўлдик. Бу ранглар орқали янги ранг ҳосил қилиш машғулотига ўхшаш бир имконият, яъни болалар бу ерда ўз қобилиятини ҳам синаб кўрса бўлади, дегани.

Яна бир залда арқондан ясалган, тортишмачоқ ўйинидаги каби болалар кучини синаб кўрадиган асбобни кузатиб, негадир қадимги миллий болалар ўйинлари ёдимга тушди. Бола учинчи ўлчамдан арқонни тортиш орқали ўз кучини синаб кўради. Мабодо кучи етмаса, иккинчи ва биринчи ўлчамга ўтади. Шундай қилиб, у ўз имкониятини аниқлайди.

Робототехника зали, катта-катта леголар билан қурилиш ишларини амалга ошириш зали — буларнинг ҳаммаси шакл­ланиб келаётган болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланиши учун туртки берадиган, фикрлашига ҳисса қўшадиган, янги аср фарзандлари дунёқарашига мос равишда тақдим этилган имкониятлар, дейиш мумкин.

Президентимизнинг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросимидаги нутқини тинглаганимда, халқимиз зиёлиларига қарата айтилган қуйидаги даъваткор сўзлар мени ҳам бефарқ қолдирмаган эди:

“Марказ ёшларимиз орасидан янги хоразмийлар, улуғбек ва берунийлар, фарғоний ва ибн синолар, бухорий ва термизийлар етишиб чиқиши учун мустаҳкам маънавий майдон бўлиши керак.

Бу — барчамизнинг эзгу ниятимиздир.

Марказ ўзининг мана шундай тарихий миссиясини юксак савияда адо этиши учун мен илм-фан ва маънавият фидойиларига — ҳурматли олим ва тадқиқотчиларга, шоир ва адиблар, диний уламолар, режиссёр ва рассомлар, журналистларга, ижодкор ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман:

Ислом цивилизацияси марказида тўп­ланган ҳар бир экспонат қандай бебаҳо бойлик эканини сизлар ҳаммадан кўра яхши тушунасиз. Уларни тарғиб этиш, халқимизга, дунёга танитишда ҳам, аввало, сизларга таянамиз.

Бу тенгсиз бойликдан илҳомланиб, сизлар яратадиган илмий тадқиқотлар, бадиий китоб, кино ва театр асарлари, картина ва кўрсатувлар: уч минг йиллик тарих ва маданиятнинг сўнмас овози бўлиб дунёга таралсин!”.

Биз бугун рақамлашган давр боласини тарбиялашга киришганмиз. Инчунин, Ислом цивилизацияси марказида болалар учун яратилган контентлар жаҳон медиаконтентларидан қолишмайдиган даражада эканининг гувоҳи бўлдим. Ўйлайманки, буларнинг барчаси фарзандларимизни тарихга ҳурмат, ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Заҳро ҲАСАНОВА,

 “Гулхан” журнали бош муҳаррири