Президентимизнинг ўтган йил 13 январдаги “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган филиал олдига педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳалар учун мутахассислар тайёрлаш каби муҳим вазифалар қўйилган.
Ургут филиалининг айнан мазкур туманда очилишига кўплаб асослар бор. Биринчидан, аҳолиси 550 мингдан ортиқ бўлган ушбу туман азалдан ҳунармандчилик, тадбиркорлик ва савдо-сотиқ маркази бўлиб келган, иқтисодий жиҳатдан бошқа туманларга қараганда анча ривожланган. Иккинчидан, сўнгги йилларда ҳудуддаги мактабларда олий маълумотли кадрлар етишмаслиги ва мутахассисларга юқори эҳтиёж кузатилгани боис, айни муаммони бартараф этиш зарурати туғилган эди.
— Ўтган йили филиалимизда 12 та таълим йўналиши бўйича 515 талаба таҳсил олган бўлса, бу йил улар сони икки баробар ошиши кутиляпти, — дейди Самарқанд давлат университети Ургут филиали директори, география фанлари доктори Қувондиқ Ярашев. — Профессор-ўқитувчиларимиздан 1 нафари фан доктори, 3 нафари фан номзоди, 11 нафари фалсафа доктори.
Филиалда хотин-қизларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратиляпти. Чунки қиз бола олий маълумотли бўлса, юқори билим ва салоҳият эгаси бўлса, келгусида фарзандларини ҳам баркамол қилиб тарбиялайди. Шу боис, юртимиз равнақи мана шундай кенг дунёқарашли хотин-қизларга ҳам боғлиқ.
— Илгари институт, университетлар биз яшайдиган ҳудуддан анча узоқда бўлгани учун фарзандларимни ўқитолмаганман. Лекин мен ҳам болаларимнинг олий ўқув юртида ўқиб, ўқимишли инсон бўлишини орзу қилардим. Туманимизда университет филиали очилганини эшитиб, жуда қувондим. Хурсандлигимдан ўзим бош бўлиб, келинимнинг ҳужжатларини шу филиалга топширтирдим. Инсон бирор нарсани чин дилдан хоҳласа, бутун олам унга хайрихоҳ бўлади, деганлари чин экан. Аввало, Яратганнинг инояти, қолаверса, бутун оила аъзоларимиз билан келинимнинг ўқишга киришини чин дилдан истагандик. У ўтган йили талабалар сафига қабул қилинди. Бундан қанчалар хурсанд бўлганимни билсангиз эди. Яхши ўқияпти келиним, бу йил 1-курсни тугатди, — дейди Ургут тумани Бешкапа қишлоғида яшовчи Искандар Дониёров. — Филиалнинг очилиши биз учун жуда катта енгиллик бўлди. Аввал кимдир талаба бўлса, узоқ шаҳарга бориб, ижара уйларда сарсон-саргардон, оила аъзоларидан узоқда яшашга мажбур бўларди. Ҳозир ота-онасининг олдида, уйидан қатнаб ўқияпти. Келиним дарсларда фаол қатнашиб, уй ишларига ҳам бемалол улгуради. Бундай имкониятнинг қадрига етмай, шукронасини қилмай бўладими?!
Афсуски, айрим илмсиз, жоҳил оилалар ҳаётнинг пасту баландини тушуниб етмасидан қизларини 16–17 ёшдаёқ турмушга узатиб юбораётган, охир-оқибатда кўплаб ажримларга сабаб бўлаётган эса-да, замонавий фикрлайдиган ота-она, қайнота-қайнона, куёвлар ҳам кўпайиб боряпти. Ўз навбатида, хотин-қизларнинг таълим олиши, касбли бўлиши учун қоғозда эмас, амалда имкониятлар, енгилликлар яратилмоқда.
Талабаларнинг соғлом турмуш тарзига риоя этиши учун шароит яратиш, шунингдек, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар тизимини такомиллаштириш борасида ҳам филиалда бир қатор ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, иқтидорли ёшлар билан мунтазам ишлаш ва мақсадли тайёрлаш учун илмий тадқиқот билан шуғулланиш истагидаги йигит-қизлар учун “Ёш илмий тадқиқотчилар”, “Креатив ёшлар”, “Ёш дастурчилар”, “Ёш иқтисодчилар”, “Интеллект” ҳамда спорт тўгараклари ташкил этилган.
—Ўқишга киргач, талабаликнинг ҳам ўзига яраша масъулияти бўлишини билдим, — дейди филиалнинг 2-курс талабаси Севинч Алланазарова. — Талабалик ҳаётимдаги самарали ва ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Жумладан, мақсадларимга элтадиган имкониятлар эшигини очиб берди. Умуман, ҳар бир талаба ўзи танлаган йўналиш бўйича илмий ишлар тайёрлаши, янгиликлар яратиши, тинимсиз ишлаб, муайян соҳанинг етук малакали мутахассиси бўлиб етишиши мумкин. Мана шундай талабалар қатори мен ҳам катта имкониятлар чорраҳасида ўз ўрнимга эга бўлганимдан хурсандман.
Филиал фаолият бошлаганига энди бир йил тўлди. Кўп йиллик тарихга эга Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети қошида очилган Ургут филиалини кенг уммоннинг тоғлар бағридан макон топган, ўз йўлини топишга интилаётган ирмоғига қиёслаш мумкин. Мазкур олий таълим муассасаси кун келиб, туманда таълим соҳасини янада ривожлантиришга, хусусан, мактабларни олий маълумотли кадрлар билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Зарина РАҲМОНОВА,
журналист