Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Бувайда туман ҳокимлиги, Мудофаа бўлими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ходимлари, нуронийлар она юртимизга садоқат ва фидойилик билан хизмат қилган фахрий ҳарбийлар, байналминалчи жангчилар, ҳарбий хизмат чоғида вафот этган аскарлар хонадонида бўлишиб, улардан кўнгил сўрашди, байрам совғалари топширишди.
— Инсон қадри улуғ бўлган юртда яшаяпмиз, — дейди нафақадаги ҳарбий сержант Зоиржон Ғофуров. — Юрт тинчлиги йўлида хизмат қилганимдан фахрланаман. Байрам муносабати туман фаолларининг хонадонимизга қилган ташрифларидан жуда мамнун бўлдим. Бундай хайрли тадбирлар кишига кўтаринкилик бағишлайди.